Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бошқарма бошлиғи ўқувчилар билан бирга 5 километр йўл босиб мактабга келди
15:02 / 2021-05-19

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева икки кундирки вилоятнинг олис Қўшработ туманидаги мактаблар ва педагоглар фаолияти билан танишмоқда.

 Кеча бошқарма бошлиғи бир қатор мактабларда бўлиб битирувчилар билан суҳбатлашди, уларнинг орзу-ниятларини эшитди. Эрта-индин мактабни битирадиган йигит-қизларнинг олий ўқув юртига ўқишга киришга тайёргарлиги билан қизиқиб, зарур тавсия ва маслаҳатларини берди. Шунингдек, мактаблар моддий-техника базаси, педагоглар маҳорати, кадрлар таъминотига эътибор қаратилди.

 Бугунги кунда тумандаги умумтаълим мактабларида қарийб 100 нафар, асосан, она тили ва адабиёт, чет тили, биология, технология, аниқ фанлар бўйича кадрларга эҳтиёж бор. Президентимизнинг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, бошқа вилоят ва туманлардан Қўшработдаги мактабларда эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича ўқитувчилар ишга жалб қилинмоқда. Бошқарма бошлиғи Тошкент ва Навоий вилоятларидан келган 15 нафар малакали ўқитувчиларнинг фаолияти, уларнинг яшаш шароити билан танишди. Уларга миннатдорлик билдирди.  

 Бугун бошқарма бошлиғи туманнинг Қайнар қишлоғидан 62-мактабгача 5 километр йўл босиб келадиган ўқувчиларга ҳамроҳ бўлди. Қишлоқнинг 52 нафар ўқувчиси шу масофани пиёда босиб, мактабга келади. З.Шодиева йўл давомида ўқувчилар билан мактабдаги таълим жараёнлари, дарс сифати, ўқитувчи маҳорати ва ўқувчиларнинг фанларга қизиқиши ҳақида суҳбатлашиб келди.  

 З.Шодиева ўқувчилар билан мактабга пиёда кириб келгач, 62-мактабдаги дарс жараёнларини кузатди. Таълим муассасасидаги муаммо ва камчиликлар мактаб жамоаси ва туман мутасаддилари билан бирга муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

 

 Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА