Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар 2021 йил 1 мартдан устама ола бошлайди
15:00 / 2021-01-17

Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш юзасидан амалий ишлар бошланганидан хабарингиз бор.

ЎзАга Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг олис мактабларидан бирида фаолият кўрсатаётган ўқитувчидан мурожаат бўлди.

“Ҳудуддаги мактаблардан бирида 3 йилдан бери 90 км масофадан бориб ишлайман. Президентимизнинг олис ҳудудларда меҳнат қилаётган педагог-ходимларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қабул қилган қарори бизни руҳлантирди. Қарорда кўзда тутилган бир марталик ёрдам пули, устама қачондан ва кимларга берилади?”, дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатда кўтарилган масалага Халқ таълими вазирлигининг Молия департаменти директори Илҳом Сиражев ойдинлик киритди:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, олис ҳудудга бориб ишловчи ходимларга бир марталик компенсация тўловлари ва ҳар ойлик устамалар миқдори кўрсатиб ўтилган, – дейди И.Сиражев. – Ушбу қарорнинг биринчи бандига кўра, олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

Шунингдек, қарорнинг иккинчи бандида олис ва чекка ҳудуд, дейилганда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 471-сон қарори билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга махсус устама белгиланадиган ҳудудлар тушунилиши, ҳар ойлик компенсация олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ой мобайнида тўланиши, ходим ушбу жойдан шахсий уй-жойга эга бўлганда, унга хизмат турар жойи берилганда ёки у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда пул компенсациясини тўлаш тўхтатилиши белгиланган.

Шу билан бирга, қарорнинг тўртинчи бандига асосан 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига:

бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;

бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз устамалар тўланади.

Бунда таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудда камида бир йил ишлаган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагоглар жалб қилинади.

Қарор билан тасдиқланган схемага кўра олий маълумотли мутахассис олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида, жумладан, умумтаълим мактабларида олий маълумотли мутахассисга бўлган эҳтиёж бўйича бўш иш ўринлари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва (ёки) вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган маълумотга асосан бюджет ташкилотини танлаган ҳолда ишга кириш юзасидан мурожаат қилади ва улар ўртасида имтиёзлардан фойдаланиш бўйича тегишли шартнома имзоланиб, олий маълумотли мутахассис талаб этилаётган бюджет ташкилотига ишга жойлашиш бўйича тавсиянома юборилади (мурожаат келиб тушган кундан бошлаб икки иш кунида).

Бюджет ташкилоти, жумладан, умумтаълим мактаби ушбу тавсияномага асосан мутахассисни ишга қабул қилиш, бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тўғрисида икки иш кунида раҳбарнинг буйруғини чиқаради ва ушбу мақсадлар учун буйруқ чиққан кундан бошлаб икки иш кунида (агар маблағлар етишмовчилиги юзага келганда маблағлар ажратилгандан сўнг уч иш кунида) бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаб беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 471-сонли қарорига асосан, олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларнинг базавий тариф ставкаларига иш стажидан келиб чиқиб 50 фоизгача (6 ойдан 3 йилгача 10 фоиз, 3 йилдан 5 йилгача 20 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача 30 фоиз, 10 йилдан 15 йилгача 40 фоиз, 15 йилдан кейин 50 фоиз) устамалар белгиланган.

ЎзА мухбири

Барно Мелиқулова ёзиб олди.