Бошпанасизлар АҚШ пойтахтидан ҳайдаляпти
АҚШ Президенти Вашингтонда жиноятчиликка қарши кураш режаси эълон қилиниши арафасида шаҳар марказида уйи йўқ кишиларни дарҳол кўчириш таклифини илгари сурди. Трамп бундай қатламни пойтахтдан узоқда жойлашган турар жойларга кўчиришни тавсия қилган.
Етакчи ўтган ой бошпанасизларни ҳибсга олиш жараёнини соддалаштирувчи фармон чиқарди ва яқинда 450 га яқин федерал зобит Вашингтон кўчаларига жойлаштирилди. Энди жараёнга Миллий гвардияни жалб қилиш эҳтимоли кўриб чиқиляпти.
Шаҳар мэри Муриэль Боузер Президентнинг айни ташаббусига қарши чиқиб, жиноятчилик даражаси шундоқ ҳам сўнги 30 йил ичида пасайганини айтди. У Вашингтонни “Бағдоддан ҳам хавфли” деб аташ “асоссиз ва бўрттирилган” баҳо эканлигига эътибор қаратди.
Расмий маълумотга кўра, шаҳарда тахминан 3 800 бошпанасиз киши бор, уларнинг 800 нафари кўчада яшайди. Трамп тез орада жиноятчиликни камайтириш ва шаҳарни “физик жиҳатдан ободонлаштириш” режасини батафсил баён қилиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА