French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бошловчилик ҳам бир санъат
12:11 / 2025-04-16

Қобилжон асли хатирчилик. У Навоий маданият ва санъат коллежини битириб, 2013 йилдан буён “Учқудуқ” маданият саройида ишлаб келади. Ҳозирда маданият саройининг бадиий раҳбари.

Қобилжон икки касбни бир қўлда тутганлардан. Бугун унинг бошловчи сифатида ҳар бир давра, тадбирда айтадиган ўз сўзи, гапи бор. Ундаги жозибали нутқ санъати ва бошловчиларга хос сеҳрли овози кишилар диққатини ўзига торта олади. Бадиий раҳбар сифатида ташкил этган тадбирлар эса нафақат НКМК ишчи-ходимларига, балки туманнинг 7 ёшдан 70 ёшигача бўлган аудиторияси учун манзур бўлади. Бошловчилиги эса ўша тадбирларга файз бағишлайди.

– Бошловчи учун энг муҳими керакли вақтда керакли сўзни айта билишдир. Аммо ўзингни овозинг, ўзингни оҳанграбонг бўлмаса, даврадагилар сени эшитмайди. Одамларнинг ёдида қолишинг тугул сенинг сўзинг, гапираётган гапинг шовқинлар ичида қолиб кетаверади, – дейди Қобилжон Қурбонов.

Ёшлигидан бошловчиликка қизиққан Қобилжон таълим олиш жараёнида халқимизнинг севимли санъаткорлари билан танишди. Уларни устоз, дея этагидан тутди. Бу ҳаракатлар эса бесамар кетмади.

– Ёшлигимдан маҳоратли сўз устаси Ўткир Сиддиқовга тақлид қилардим. Мен ҳам катта саҳналарда чиройли кийиниб чиқиб, бутун зални ўзимга қаратсам, сўзим билан маҳлиё этсам дердим, – дея эслайди Қобилжон. – Бировнинг сўзини бировга етқазиш қанчалик маҳорат талаб этишини ҳар саҳнага чиққанда ёдга ол, деган эди раҳматли устозим Раҳматилла Мирзаев. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актёр биринчи устозим Фотиҳ Жалоловдан ўрганганларим эса бугун ҳам Учқудуқ аҳлига қилаётган хизматларимда асқатяпти. 

Бугун Қобилжон Қурбонов бадиий раҳбарлик қилаётган “Учқудуқ” маданият саройида 14 та тўгарак фаолият юритади. Уларга юзлаб учқудуқлик ёшлар жалб этилган. Яқинда ташкил этилган “Хушчақчақ” ҳаваскор театр жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Ёдгор”, “Бебахт орзулар”, “Нон қадри”, “Кулфатлар найранги” каби спектакллар томошабинларга манзур бўлиш баробарида театр санъатига, актёрликка қизиқувчи учқудуқлик ёшларни кашф этди. Шу кунларда бу жамоа “Олтин хазина ёхуд ақлдан озиш ҳеч гапмас” супер комедия устида ишлаяпти. 

Бугунги кунда маданият саройида фаолият олиб бораётган Бану Искакова, Гулнур Куракбаева, Магжан Садукасов, Феруз Ивадуллаевлар аллақачон учқудуқликларнинг “севимлиси”га айланиб улгурган. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири