Бошланғич синф ўқувчилари учун изоҳли луғат чоп этилди
Ўзбек тилининг изоҳли луғатчаси - "Сўз сандиқчаси" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Бугун пойтахтимиздаги 110-сонли умумтаълим мактабида Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмаси асосида бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган ўзбек тилининг изоҳли луғатчаси - "Сўз сандиқчаси" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири, Халқ таълими вазирлиги, соҳа мутахассислари ва ўқитувчилар иштирок этди.
Луғат ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов томонидан тайёрланган.
Ўзбек тили ажойиб сўз сандиқчасидир. Шу бой хазина ўрганилса, эгалланса тил бурролашади, зеҳн ўткирлашади. Айнан болаларга мос руҳ ва шаклда тайёрланган луғат юртимиз ёшларининг ўзбек тилида билмаганини билиши, ўрганишига хизмат қилади.
Мазкур луғатчада етти юз атрофидаги сўз, сўз маъноларининг содда, ихчам ва лўнда шаклдаги изоҳлари жамланган. Сўз маънолари болалар адабиёти, болалар матбуоти ва халқ оғзаки ижоди намуналаридан олинган мисоллар билан бойитилган.
Тўпламда сўзларни танлашда уларнинг болалар нутқидаги фаоллик даражасидан келиб чиқилган. Ўрни билан мазкур сўзларнинг маъносига кўра зиди, маънодошлари ва улар иштирокидаги иборалар ҳам кўрсатилган.
Дунё луғатчилиги тажрибасида айнан болаларбоп бундай изоҳли луғатлар тузиш анъанаси кўпдан бери мавжуд бўлсада, мазкур луғат ўзбек тилидаги дастлабки ишдир. Китоб ўн минг нусхада нашр этилган .
– Бу луғатлар барча умумтаълим мактаблари кутубхоналарига етказилади, – дейди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. - Китоб тақдимоти эса, ўзга тилларга ихтисослашган мактабларда ҳам ўтказилади.
Бунда ҳам рамзий маъно бор. Маълумки, юртимиз умумтаълим мактабларида бугун еттита тилда таълим берилади. Ана шундай таълим муассасаларида ўзбек тили соатлари кўпайтирилгани эса қувонарлидир.
Бугун бошланган ва давом этажак тадбирлар ўзбек тили нуфузини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.