Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бошимда тожим онам” номли китобнинг тақдимоти ўтказилди
10:06 / 2024-03-14

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли шоир Муҳаммад Исмоилнинг “Бошимда тожим онам” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов шоир камолоти уни бевосита вояга етказган она билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади.  

–  Президентимизнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан билдирган табригида маънавий тарбияни “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган ғоя асосида аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар, – деди Минҳожиддин Ҳожиматов. – Ушбу шиор бугунги кунда барча зиёлилар каби адабиёт фидойиларининг ҳам қалб чироғига айланди. Муҳаммад Исмоилнинг “Бошимда тожим онам” номли китобини варақлаб, унга ҳавасим келди. Негаки, олтмиш ёшда онага бор изҳорини бадиий асар сифатида билдириш ижодкорнинг улкан қалбидан дарак беради. Муаллифнинг “мен учун Ватан онамнинг юрагидан бошланади”, деган сўзлари ҳар биримизнинг юрагимизга етиб боради.  Муҳаммад Исмоилнинг катта адиб, шоир, публицист сифатида шакллангани эътиборга моликдир.  

– “Бошимда тожим онам” номли китоб онадек майин, латиф китоб бўлибди, – деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев. – Китобни мутолаа этаётган ўқувчи бевосита унинг ичига кириб кетади. Муҳаммаджон учун энг катта бойлик онанинг дуоси экани шу китобда яққол намоён бўлади. Зеро, миллатимиз она дуосини доим улуғ қадрият санаган. Бу китобни ўқиган одам ўзини тафтиш этади. Водийда ижодий учрашувларда бўлганимизда адабиёт мухлислари Муҳаммаджоннинг шеърларини унинг ўзи билан жўровозликда айтиб беришганига гувоҳ бўлганман. Ижодкор учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Аслида оналарга, аёлларга фақатгина 8 март кунлари эмас, балки  365 кун таъзимда бўлмоғимиз керак. Муҳаммаджон ўз китоби билан бундай эзгу ишни бошлаб берган.  

Тадбирда Муҳаммад Исмоилнинг ижодий фаолияти ҳақида батафсил сўз юритилди.  

Янги китобда муаллиф ўз онаси тимсолида ўзбек оналарига таъриф беради. Шунингдек, адибнинг хулосалари, тажрибалари, сабоқлари, кузатишлари жамланган “Ён дафтаримдаги битиклар”и ҳам ушбу китобдан ўрин олган. Унда муаллиф инсон, жамият ҳаёти ҳақида ўз фикрларини баён этади.  

Китобга Улуғбек Халилов муҳаррирлик қилган. “Ижод нашр” нашриётида чоп этилган мазкур тўпламга “Онамнинг юраги”, “Тақдир ўйинлари”, “Ўзбек қаерда бўлса-да, ўзбек!”, “Ўзбекнинг чироғи”, “Бесарҳад дунё” каби қатор ҳаётий ҳикоялар жам бўлган.  

Тадбир якунида иштирокчиларга “Бошимда тожим онам” китоби туҳфа этилди.  

 

Назокат Усмонова,

ЎзА