Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бошчорбоғнинг олмаларидан есангиз, таъми оғзингизда қолади
16:06 / 2023-10-12

Саёҳат манзиллари

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Бошчорбоғ ҳудуди Сурхондарё вилояти билан чегарадош. Қорли тоғлар бағрида жойлашган ушбу манзиллар, ширин сувли булоқларга бойлиги, мусаффо ҳавоси, сўлим табиати билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Айниқса, бу ўлкаларда етиштирилган ўзгача таъмли, серсув олмалар бутун дунёга машҳур. Айни кунлар эса бошчорбоғлик боғбонларнинг олма териш мавсуми. Боғдорчилик маҳсулотлари бизнеси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг барчаси шу ерда боғларни танлаш билан овора.

Биз ҳам фотомухбир билан меҳнаткаш боғбонлар ҳақида мақола тайёрлаш мақсадида ушбу манзилга қараб отландик. Йўлимиз олис бўлгани боис тонг қоронғусида йўлга чиқдик. Туман марказига етиб борганимизда эндигина саховатли бобоқуёш ўзининг заррин нурларини борлиққа ёя бошлаганди.

У ёғига тоғ йўллари бизни қарши олади. Икки кун олдин ёққан ёмғир йўлларнинг чанг-ғуборини босган. Тоққа яқинлашар эканмиз, этни жунжуктирувчи салқин шабада юзга уради. Пасту баланд сойликлардан ўтиб борамиз. Борлиқда куз нафаси ҳукмрон. Азм теракларнинг барглари сарғая бошлаган. Япроқлари қирмизи рангга бурканган ўрик дарахтлари ўзгача чирой акс этган.

Бир пайтлар Бошчорбоғ жамоа хўжалигига қарашли бу ерларда бугунги кунда 4 та маҳалла фаолият юритмоқда. Улар Чашмаи мирон, Бошчорбоғ, Чилгаз, Сарчашма маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, уларнинг таркибида Бошчорбоғ, Айний, Ёна, Чуқун, Лалли Кулмат, Оққишлоқ, Оқ кўл, Оби хишон, Чилгаз, Катта қишлоқ, Бозоржой, Дуоб, Тошбулоқ каби 20 га яқин қишлоқ жойлашган.

Айни кунларда ушбу қишлоқлардаги қайси хонадонга кирманг, боғда олма терилаётганини гувоҳи бўласиз. Ҳосил мўллигидан эгилган олма дарахти шохлари садафлар терилган мунчоққа ўхшайди гўё.

Ҳашарчиларга “ҳорманг” дея боғни оралаймиз. Ҳамма ўз иши билан банд. Кимдир терилган олмаларни саралаш билан, бошқаси қутиларга жойланган олмаларни ташиш билан машғул. Юзларидан нур ёғилиб турган, бошига дўппи кийган боғбон табассум билан бизни қарши олди. Озгина суҳбатлашдик.

– Шукр, бу йил ҳосилимиз мўл, – дейди Бошчорбоғ қишлоғилик Қурбонназар бобо Норқобилов. –- Бир гектардан зиёд майдонда 350 туп олмазоримиз бор. Асосан семиринка навини экканмиз. Бу боғни 1979 йилда колхоз пайтида ташкил қилганман. Мана бугун ҳамма ишларни ўғлимга топширганман. Ўзим асли агроном бўлганман. Боғнинг агротехникаси борасида доимий маслаҳатимни бериб тураман. 30 тоннадан зиёд ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Мана кўриб турибсиз, харидорлар келган олмаларни юклаяпти. Ўтган йилгига нисбатан бу йил меваларимизнинг нархи ҳам яхши. Деҳқоннинг косаси оқарадиган йил бўляпти бу йил.

Она табиатнинг ўзи инъом этган қулайлик ва имкониятлар Бошчорбоғ олмаларининг сифатли бўлишини таъминлайди. Чашмаю булоқлардан оқиб келаётган болдек ширин зилол сувлардан қониб ичган олма мевасига тиш ўрсангиз, суви юзга сачрайди. 

Ҳудуддаги қишлоқ одамларининг асосий тирикчилиги ҳам олма ва чорвадан. Яна бир хонадондаги олмазорга кирамиз. Бизни харидор деб ўйлади, шекилли, “олмалар сотилган” дейди боғбон узоқдан. Мевалар ҳали терилмаган, аммо сотилган. Боғбонларнинг айтишича, ҳудуддаги барча боғлар деярли сотиб бўлинган. Харидорлар ҳали олмалар пишмасдан туриб, олдиндан бир қисм пулини тўлаб, боғларни банд қилиб кетишар экан. Яқин бориб, боғбонга ўзимизни таништириб, суҳбатга чорладик.

– 15 сотих жойда 70 туп олма дарахтим бор, – дейди Шерози Жўраев. – Бу менга отамдан қолган, яъни отамерос. Боғимиздаги олмаларни ёшартирдик. Дарахтларим 6-7 йиллик бўлди. Айни кучга тўлган вақти. Асосан “крепсон” навидан экканмиз. Рости, қишлоғимиз табиати жаннатмакон, лекин барибир олмага парвариш керак. Тагини юмшатиш, вақтида суғориш, дорилаш, шохларини буташ ва ҳоказо. Меҳнатини қилсангиз, ҳосилини ҳам беради-да. Шу боғимиздан йилига 2 тоннага яқин ҳосил оламиз. Даромади ёмон эмас. Шунинг ортидан рўзғоримиз фаровон. Дастурхонимиз тўкин. Фарзандларимизни ўқитяпмиз. Тўй-ҳашам қиляпмиз.

[gallery-13978]

Бошчорбоғ инсоният макон қилган қадимий манзиллардан саналади. Масалан, қишлоқдан тоққа қараб 10 километрлик масофада Хўжа Булгурота зиёратгоҳи ва унинг олдида сирли кўл бор экан. Қизиқишимиз ўша томонга ҳам етаклади.

Ушбу авлиё ҳақида бирор-бир ёзма маълумот топилмади, аммо халқнинг оғиздан-оғизга ўтиб келган оғзаки маълумотларига кўра, Хўжа Булгурота ислом динини жуда чуқур билган, улуғ киши бўлган. Йиллар ўтиб, одамлардан ажралиб, узлатга чиқиб кетган ва мана шу ерларни ўзига макон қилган. Ҳозирда авлиё яшаган ва ибодат қилган жой зиёратгоҳга айланган. Ҳомийлик маблағи эвазига мўъжазгина мақбара қурилган. Ҳафтанинг чоршанба кунлари мақбара атрофи зиёратчиларга тўлиб кетади. Ривоятларга кўра, душманлар авлиёни қўлга олмоқчи бўлиб, қувганларида ҳозир мақбара жойлашган жойда изсиз ғойиб бўлган экан. Қайтиб ҳеч ким кўрмаган. Ўша жойда ҳозир авлиёнинг рамзий қабри жойлашган.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/y5xIGhOd7Lo" title="Бошчорбоғнинг олмаларидан есангиз, таъми оғзингизда қолади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Мақбарининг ёнида айланаси тахминан 100 квадрат метрни ташкил қиладиган кичиккина кўлча бор. Ушбу кўл ҳикматларга бой. Эмишки, унинг суви камаймайди ҳам, кўпаймайди ҳам. У шу қадар тиниқки, остида ўсиб ётган сув ўтлари яққол кўринади. Бошчорбоғлик кексаларнинг ҳикоя қилишича, собиқ совет даврида кўлнинг сувини қувур орқали қишлоққа тортиб бормоқчи бўлишган. Лекин ҳеч имконини топиша олмаган. Ёнидан ариқ қазишган, кўл суви пасайиб бораверган. Қанча қазиса, шунча пасайган. Қазишдан тўхташса, сувнинг пастлаши ҳам тўхтаган экан. Албатта, бу халқнинг орасида юрган бир ривоят. Лекин кўл сувининг шифобахшлиги рост. Ичсангиз, дил яйрайди.

Кўл сувидан ичиб, Хўжа Булгур отани зиёрат қилгач, ортга қайтдик. Боиси қош қорайиб, қуёш қорли тоғлар ортига бота бошлаганди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), 
ЎзА мухбирлари