Бош вазир Сардобадаги кўп қаватли уйларда яратилган шароитлар билан танишди
Турар жойларни қуришда энг энергиятежамкор материаллардан фойдаланилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида янги қурилган кўп қаватли уйлардан фойдаланиш, уларни доим соз ҳолатда сақлаш ҳамда аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш борасидаги Сирдарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Сардоба туманида ўтказилган Республика ишчи гурухи йиғилишдан сўнг депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналистлар “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп квартирали уйларда яратилган шароитлар билан танишди. Мутахассислар томонидан бу ерда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга яратилган қулайликлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Маълумки, табиий ва техноген офатлар натижасида етказилган зарар жаҳоннинг кўплаб давлатларида қопланавермаган. Сирдарё вилоятининг мазкур ҳудудларида пандемия шароити бўлишига қарамай қисқа вақтда 1 минг 480 хонадондан иборат 37 та кўп қаватли турар жой қурилди.
Ушбу уйлар беш қаватли бўлиб, икки ва уч хонали квартиралардан иборат. Турар жойларни қуришда энг энергиятежамкор материаллардан фойдаланилган. Ушбу мавзеда барча коммуникация тармоқлари мавжуд. Маҳалла гузари, болалар майдончалари қурилиб, ҳудуд ободонлаштирилган.
Мазкур хонадонлар тайёр ҳолда, тошқиндан жабрланган оилаларга бепул топширилади. Бу бўйича депутатлар ва журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб берди.