Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош вазир қабулхонаси тадбиркорнинг энг яқин кўмакчиси
18:43 / 2021-03-31

Мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада тадбиркорлар сафи кенгайиб, юртимиз иқтисодий тараққиётида уларнинг ўрни ва роли тобора ортмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга муҳим аҳамият касб этаётир.

Ушбу қарор билан 2020 йилнинг 15 ноябридан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, махсус сертификат олган ташаббускор жисмоний шахслар, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилиши амалиётга жорий этилди.

Бироқ нафақат тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлаётган фуқаролар, балки тадбиркорлар ҳам фаолияти давомида турли тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ана шундан келиб чиқиб тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар учраётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, тўғридан-тўғри самарали мулоқотни йўлга қўйиш, тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлашнинг сифати ва тезкорлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Ўтган давр давомида ушбу қабулхоналар минглаб тадбиркорлар, чет эл инвесторлари учраётган муаммоли масалаларнинг ҳал этилишига, уларнинг мурожаатларига ижобий ечими топилишига ёрдам бермоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Бош вазир қабулхоналари тадбиркорларнинг энг яқин ҳимоячиси ва кўмакчисига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Асака туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даврида 93 та тадбиркордан 98 та масала юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар белгиланган тартиб доирасида кўриб чиқилиб, уларнинг 96 таси, яъни 98 фоизи ҳал этилди, 2 та мурожаат бўйича масала мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Мурожаатларнинг 66 таси ёки 69,4 фоизи ёшлар ва аёллар ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг 66 таси ёки 97,1 фоизи ҳал этилди, 2 та мурожаат эса кўриб чиқилмоқда. Ҳал этилган 66 та мурожаатнинг 47 таси қаноатлантирилган бўлса, 19 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Қабулхона ходим ва мутахассислари жойларга чиқиб сайёр қабуллар ўтказаётганлиги, қатор муаммоларни ана шу ернинг ўзида ҳал этилишига кўмаклашаётганлиги ҳам тадбиркорларга қўл келмоқда. Сайёр қабуллар тадбиркорларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, жойларда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар энг аввало, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлашга, ҳар бир фуқаро ўзининг даромад манбаига эга бўлишига, ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга, пировардида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Турғунбой АШУРОВ,

Асака туманидаги Бош вазир қабулхонаси мудири.

ЎзА