Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош вазир қабулхонаси тадбиркорларга кўмакдош
16:02 / 2020-12-04

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ва туман ҳокимлиги томонидан ҳудудда тадбиркорлар, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлаш сифати ва тезкорлигини ошириш, уларнинг қонуний талабларини самарали рўёбга чиқаришнинг амалдаги ижроси бўйича оммавий ахборот воситалари учун медиа-тур ташкил этилди.

Дастлаб халқ депутатлари туман кенгаши аъзолари, Ёшлар агентлиги туман бўлими вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Тадбиркор – элга мададкор” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида юқори натижаларга эришаётган тадбиркорлар томонидан ёшларга мастер-класс ўтилди. Ёшларнинг мурожаатлари тингланиб, улар кўтарган муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли масъуллар бириктирилди.

– Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, паррандачилик билан шуғулланиш ниятим бор, – дейди “Ёнариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Дилҳаёт Тўхтамуродов. – Бунинг учун маҳалламизда бўш ер майдони мавжуд. Шу масала бўйича билдирган таклифларим туман Бош вазир қабулхонаси вакиллари томонидан инобатга олинди. Тез фурсатда ер ажратиш билан боғлиқ муаммони ҳал этиладиган бўлишди.  

Бир неча йиллар олдин туманнинг тоғолди ҳудудларида болалар боғчаларига эҳтиёж кўп эди. Шу туфайли боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш даражаси паст бўлган. Лекин тадбиркор Алишер Умирзаков “Илғор”, “Қорасувёқа”, “Санам” каби маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг мурожаатларини инобатга олиб, ўз маблағлари ҳисобидан 12 та уй боғчаси ташкил этди. Айни дамда мазкур боғчаларда 300 нафар болалар тарбияланмоқда.  

Тадбир иштирокчилари Қурама тоғ тизмалари этагида жойлашган “Санам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бойчечак” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болажонларга яратилган шароитлар билан танишди.  

Тадбиркор А.Умирзаковнинг таъкидлашича, ҳудуддаги ушбу қишлоқлар аҳолиси учун болалар боғчаси жуда зарур бўлган эди. Шу сабабли, 489 миллион сўм миқдорида ўз маблағим эвазига 12 та уй боғчаси ташкил этилди. Натижада 58 нафар хотин-қизни боғчалар учун тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячи сифатида ишга олинди. Уларнинг ойлик маоши давлат томонидан ажратиладиган субсидия орқали тўлаб берилмоқда. Тўловлар борасида аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида, чегирмалар йўлга қўйилган. Эҳтиёжманд ҳамда икки ва ундан ортиқ фарзанди боғчага борадиган оилалар учун 30 фоизлик чегирма белгиланган.

Болажонларнинг тил борасидаги билимларини ошириш мақсадида Жаҳон тиллари университети ўқитувчиси билан шартнома имзоланган бўлиб, инглиз ва рус тилларидан машғулотлар қизиқарли тарзда олиб борилмоқда. Шунингдек, 6 та махсус автомашинада узоқ масофада яшовчи оилаларнинг фарзандлари эрталаб боғчага ва кечки пайт уйларига элтиб қўйиш ҳам ташкил этилган.  

Шундан сўнг журналистлар 1-сектор ҳудудидаги “ULUG` NUR” фермер хўжалиги томонидан барпо этилаётган чорвачилик комплексида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Вазирлар Макамасининг 2019 йил 23 октябрдаги “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган мазкур фермер хўжалиги лойиҳа бўйича сут ва гўшт йўналишида минг бош қорамол парваришлашга мўлжалланган.  

Лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллиард сўм бўлиб, шундан 9 миллиард сўм ўз маблағи, 20 миллиард сўм банк кредити ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

– Янги чорвачилик комплексини барпо қилиш учун ер ажратилиш борасида муаммолар бўлаётган эди, – дейди хўжалик раҳбари Улуғбек Комилов. – Шу бўйича Оҳангарон туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига мурожаат қилдик. Улар томонидан қисқа муддатда мурожаатимиз ижобий ҳал этилиб, ушбу комплексга озуқа базасини шакллантириш ва яйлов учун 905 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган эди. Шундан 184 гектарини ажратиш бўйича мавжуд муаммолар тизимли тартибда бартараф этилди. Биз бундан хурсандмиз. Ҳозир объектда қурилиш ишлари якунланмоқда.

Ташаббускорлар томонидан 2021 йилнинг бошида Германия давлатидан дастлаб 400 бош наслли қорамол олиб келинади. Йил охирида лойиҳа тўла қувват билан ишга туширилиб, 50 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Навбатдаги манзил “Ойбулоқ” МФЙ ҳудудидаги “Оҳангарон соф ғиштлари” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Мазкур корхона тўлиқ хорижий сармоя асосида фаолият юритаётган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 6,5 миллион долларга тенг. Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлаганда, кунига 200 минг дона ғишт ишлаб чиқаради.  

Келгусида маҳсулотнинг 30-40 фоизи экспортга йўналтирилиши кўзда тутилган. Бу ерда 70 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда тумандаги ишсиз ёшларни қамраб олиш мақсад қилинган.

– Хитойлик тадбиркор томонидан замонавий технология асосида корхона барпо қилиш учун олинган жойга тегишли ҳужжатларда бўлгани ва бу ноқулайликларни тез фурсатда бартараф қилиш бўйича мурожаатини кўриб чиқдик,? – дейди тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мутахассиси Назира Раҳмонова. – Биз масалани жойига чиқиб ўргандик. Мутасаддиларнинг ер ажратилиши борасидаги ҳужжатлари қонуний тартибда ҳал этилди. Шунингдек, малакали маҳалий тадбиркорлар ҳам уларга бириктирилди.  

Журналистлар тажриба-синов асосида корхонада олиб борилаётган иш жараёни билан танишди. Мутахассислар билан суҳбатда энергия тежамкор махсус печларда пиширилаётган ғиштларнинг сифатини ошириш чоралари ҳақида сўз юритилди.  

А.Мусаев, ЎзА