Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмакдош бўлиш йўлида Бош вазирнинг Фарғона вилоятидаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан тизимли ишлар амага оширилмоқда.
Хусусан, ўтган 6 ой давомида вилоятдаги қабулхоналарга 3 мингга яқин тадбиркорлардан мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг барчаси тегишли тартибда ваколатли бошқарма ва ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши таъминланди ва умумий ҳисобда мурожаатларнинг 64 фоизи ўзининг ижобий ечимини топди.
-Ҳар бир мурожаат 7 кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган. Бироқ, айрим масъул ходимлар томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 40 тага яқин ҳолатда муддат бузилишларига йўл қўйилди. Биз уларга нисбатан тегишли таъсир чораларини кўрдик, -дейди Бош вазирнинг Фарғона вилоятидаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Иброҳимжон Турғунов.

Албатта, бир тадбиркор муаммосининг ижобий ҳал этилиши, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий ўсишида муҳим ўрин эгаллайди. Ёзёвон туманилик Нуриддин Раҳматов ҳам даставвал иш бошлаганида бироз муаммоларга дуч келган эди. Кредит олишдаги муаммолар Бош вазирнинг вилоятдаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан ижобий ҳал этилганидан сўнг турли ҳажмдаги сим тўрлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 12 нафар фуқаро иш билан таъминланди.
Яна бир ёзёвонлик ёш тадбиркор Хайрулло Мўминов эса 20 ёшда. У ўз тадбиркорлигини йўлга қўйганига кўп вақт бўлмади. Маиший хизмат йўналишида иш бошлашда муаммолар кузатилди ва бартараф этилиши орқали у ҳам туманнинг кўплаб аҳолисини иш билан таъминлади. Унинг тикувчилик цехида асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда бўлган хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.

Эътиборлиси, бу каби кичик корхоналар ёшларнинг касб-ҳунар сирларини ўрганишларида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарғона вилоятида Бош вазирнинг жойлардаги қабулхоналари томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА