Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош вазир ўринбосарларининг ахбороти эшитилди
17:35 / 2022-04-27

Юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, ҳар бир соҳада янги иш ўринларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу масала давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилаётган ҳар бир видеоселектор йиғилишларида, ҳудудларга ташрифлари чоғида алоҳида эътибор марказида бўлиб келади.  

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг бугун бўлиб ўтган мажлисида ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарларининг ҳудуд ва тармоқларда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди. 

Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди ва мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди:  

— Сенатнинг 2022 йил 4 февралда қабул қилинган қарорига асосан ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар устидан тизимли парламент назорати йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси бўйича доимий мониторинг юритиш мақсадида Республика штаби фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг январь-март ойларида аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ жалб этиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, ишсиз ва чет элда ишлаб қайтиб келган 72,8 минг фуқаронинг мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлашиши таъминланган. Банд қилиб қўйилган иш ўринларига ижтимоий муҳофазага муҳтож 9,5 минг фуқаро ишга жойлаштирилган. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” доирасида 13,2 минг фуқарога 31,6 миллиард сўм субсидия ажратилиб, ўзини ўзи банд қилиш орқали уларнинг бандлиги таъминланган. Маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари тавсияларига асосан 30,7 минг фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. 

Йиғилишда қайд этилганидек, бандлик ва янги иш ўринларини яратиш масаласи Сенат қўмиталари томонидан мунтазам ўрганиб келинмоқда. Жумладан, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси бошчилигидаги ишчи гуруҳи Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганди. 

Қўмита раиси Эркин Гадоев ўрганиш натижалари бўйича маълумот берди:  

— Ўрганишларимиз давомида бир қатор ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Яратилган иш ўринлари яратилганича қолиши керак эмас. Асосий мақсад яратилган иш ўрнининг бандлиги таъминланиши керак. Янги иш ўринларига аҳолини керак бўлса, ўқитиб, банд қилишимиз керак. Шу билан бирга, солиқ идоралари маълумотлар базасига ҳам киритилиши лозим. Чунки бу ҳақиқий иш билан таъминланганликнинг, бандликнинг тасдиғи бўлади. Бу борада камчиликлар, тафовутлар борлиги аниқланди. Шунингдек, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги умумий овқатланиш корхоналарида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, мазкур соҳада ишловчи ходимларнинг қарийб 55 фоизи норасмий банд бўлганлардир. Шу сабабли бу каби янги иш ўринлари солиқ органи маълумотлари базасида қайд этилмаган. 

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тармоқ раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Қайд этилганидек, хизматлар соҳасида янги иш ўринларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўпгина соҳаларда норасмий тарзда ишлаётган фуқароларни белгиланган тартибда расмийлаштириш зарурлиги таъкидланди. Бу борада 2021 йилда 461 минг норасмий ишчилар расмийлаштирилган. 

Қашқадарё вилоятида янги иш ўринларини яратиш ишларига қўшимча 1,5 триллион сўм йўналтирилгани алоҳида таъкидланди. Бунинг ҳисобига қўшимча 80 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.  

Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бирга, айрим соҳа ва ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилгани ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани қайд этилди. Хусусан, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида янги иш ўринларини яратишнинг прогноз параметрлари ва уларнинг ҳар ойлик ижроси халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинмаган.

Вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этиладиган янги иш ўринларининг манзилли рўйхатларини шакллантириш тўлиқ охирига етказилмаган. 

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича электрон аукцион савдолари юзасидан етарли равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаганлиги сабабли уларнинг аксарияти кутилган натижа бермаган. 

Туризм ва у билан боғлиқ хизмат кўрсатиш лойиҳалари доирасида ташкил этилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида ҳудудий инвестиция дастури лойиҳаларида ҳам такроран кўрсатилган. 

Меҳнат ярмаркаларида корхона ва ташкилотлар етарли миқдордаги бўш иш ўринлари билан иштирок этган бўлса-да, ишсиз фуқароларни ярмаркаларга жалб қилиш, уларни таклиф этилган иш ўринларига жойлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган. 

Кенгаш мажлисида ушбу камчиликларни бартараф этиш ва бу борада амалга оширилаётган ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланиб, бир қатор топшириқлар берилди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА