Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборилди
16:19 / 2021-10-13

Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари соҳадаги ишларнинг тизимли олиб борилишида муҳим дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда мамлакатимизда миллий маданият ва санъатни янада ривожлантиришнинг вазифалари ва тамойиллари белгилаб берилди. Шунингдек, соҳани ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида маданият ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, ушбу соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш тизими яратилди.

Жорий йилнинг июнь-август ойларида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан республика ҳудудларида мазкур қонуннинг бажарилиш ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганишларда аҳолига хизмат кўрсатиш борасида эришилган ютуқлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган бир қатор тизимли камчиликлар аниқланди.

Биринчидан, юртимиздаги ўнлаб туман ва шаҳарларда маданият марказларининг биноси капитал ва жорий таъмирга муҳтож, бир қатор маданият марказлари алоҳида бино билан таъминланмаган. Қатор туман ва шаҳарлардаги аксарият маданият марказларининг бинолари эса маданий соҳада фаолият олиб бориш учун мўлжалланмаган бўлиб, белгиланган талабларга жавоб бермайди. Айниқса, имконияти чекланган шахслар учун маданият марказлари биноларининг деярли барчаси ачинарли ҳолатда бўлиб, зудлик билан тегишли чоралар кўришни талаб этади.

Иккинчидан, ҳудудлардаги аксарият маданият марказлари тегишли моддий-техник база билан таъминланмаган; бошқа бир қатор маданият марказларидаги моддий-техник база эса талаб даражасида эмас.

Учинчидан, амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ҳудудий маданият марказлари бевосита Маданият вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар бўлишига қарамай, амалда ҳудудий ҳокимликларга бўйсиндирилган бўлиб, уларга ҳокимлик хўжалик ва хизмат кўрсатиш комплексининг таркибий қисми сифатида қараб келинмоқда. Бунинг оқибатида маданият марказларида амалга ошириладиган фаолият тури учун талаб этиладиган конструктив муҳитнинг юзага чиқиши қийин кечмоқда.  

Ўрганишлар чоғида аниқланган камчиликлар Ўзбекистон Республикасида Миллий маданиятни ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш, хусусан, маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг бажарилишини таъминлаш борасида ўзига хос тўсиқ бўлмоқда. Депутатлар томонидан олиб борилган парламент назорати натижалари аниқланган камчиликларга муносиб ечим топиш заруратини кўрсатади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга “Республика ҳудудларида маданият марказлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик 

палатаси ахборот хизмати