Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарёда бўлиб, жойлардаги хотин-қизлар муаммоларини ўрганди.
Ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини Муборак туманидан бошлади. Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида Муборак газни қайта ишлаш заводига қарашли бўлган “Ёшлар маркази”да 350 нафардан ортиқ Муборак газни қайта ишлаш заводи хотин-қиз ишчи ходимлари билан учрашув ташкил этилди.


Жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум тўғрисида “Янгиланаётган конституция халқ дардига қулоқ солувчи давлат асоси” шиори остида ташкил этилган тарғибот тарбирида киритилаётган ўзгаришлар хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамланишида нечоғли аҳамиятли экани қайд этилди.
Шундан сўнг туманидаги касб-ҳунар мактабида ташкил этилган “Сумалак сайли” тадбирида иштирок этилиб, унда оналар ва қизлар иштирокида қизларини олий таълим муассасига қамраб олиш ва касб-ҳунарга ўқитиш масалалари юзасидан суҳбат ўтказилди. Касб-ҳунар мактабида тумандаги 4 нафар ледир касаначилар томонидан ташкил этилган ўқув курси фаолияти ҳамда касб-ҳунарга ўқитилаётган хотин-қизлар билан танишилди.


Бош вазир ўринбосари тумандаги Иссиқлик энергетика электр тармоқлари корхонасида бўлди. Корхонада фаолият юритаётган 150 нафар хотин-қиз билан учрашди. Хотин-қизлар учун яратилган иш ўринлари ва шарт-шароитлар билан қизиқди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси билан ҳамкорликда маҳалладаги “Аёллар дафтари” га киритилган 40 нафар хотин-қизга тикув машинаси тарқатилди. Шунингдек, бош вазир ўринбосари ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва тўшакда ётиб қолган бемор аёллар ҳолидан хабар олиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тўғрисида масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Шу куни Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Чироқчи туманига ташриф буюриб, туманнинг “Жар” маҳалласида бўлди. Дастлаб Бош вазир ўринбосари маҳалладаги 37-сонли умумий ўта таълим мактабида мактабнинг юқори синф ўқувчи қизлари ҳамда уларнинг оналари билан учрашди.


Учрашувда қизларни олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини ошириш, эрта турмушнинг олдини олиш каби ижтимоий масалалар юзасидан З.Маҳкамова йиғилганларга ўзининг тавсия ва маслаҳатларини берди.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари “Жар” маҳалласида истиқомат қилаётган нуроний онахонлар хонадонида бўлиб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишиб, фариштали онахонлар билан суҳбатлашди.
Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова Чироқчига уюштирган ташрифи давомида тумандаги 4-сонли касб-ҳунар мактабида фаолияти йўлга қўйилган “Хотин-қизлар касаначилик ўқув маркази” фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, марказда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан суҳбатлашди.


З.Маҳкамова “Хотин-қизлар касаначилик ўқув маркази” фаолияти билан танишиши давомида Оила ва хотин-қизлар туман бўлими бошлиғи Гулчирой Соатовага туманда касаначи хотин-қизлар сафини янада кенгайтириш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш хусусида тегишли кўрсатмалар берди.
Кейинги манзил Косон тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган “Бахт кластер” текстил корхонаси бўлди. Текстил корхонаси фаолияти билан танишилиб, хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Кластерда 25 та маҳаллада истиқомат қилувчи 415 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Бош вазир ўринбосари иштирокида кластерда ишловчи хотин-қизлар шунингдек, тумандаги “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, “Аёллар маслаҳат кенгаши” ҳамда фаоллар иштирокида “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида катта тадбир бўлиб ўтди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг ҳудудлар бўйлаб, хотин-қизлар фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Мақсад вилоятда истиқомат қилаётган хотин-қизларга қулай шарт-шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлиги таъминлаш орқали жамиятда тутган ўрнини ошириш.
Ўлмас Баротов, ЎзА.