Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов айни пайтда Наманган вилоятида бўлиб турибди.
У ўрганишлари давомида Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов ҳамроҳлигида вилоят марказидаги Даштбоғ маҳалласи ҳудудида янги барпо этилаётган кичик саноат зонасидаги қурилиш ишларини кўздан кечирди. Бу ерда истиқболли бизнес лойиҳаларига киришаётган тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди.
Айни пайтда “Даштбоғ” кичик саноат зонасидаги лойиҳалар қурилиши изчил ва жадаллик билан олиб борилмоқда, янги корхоналар бирин-кетин сафга қўшилмоқда.
Биргина жорий йилнинг январь ойида фаолият бошлаган “Dreamliner textile” масъулияти чекланган жамияти 200дан ортиқ кишини ишга қабул қилди. Айни пайтда ишлаб чиқарилиши бошланган трикотаж маҳсулотларини хорижга экспорт қилишга тайёрланаяпти.
Бош вазир ўринбосари ва вилоят раҳбари қурилиш жараёнларида тадбиркорлик субъектлари раҳбарларининг мурожаатларига ҳам қулоқ тутди. Лойиҳаларни ишга туширишда юзага келиши мумкин бўлган турли масалаларга яқиндан амалий кўмак берилиши таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, саноат ҳудудидаги аксарият корхоналар тикувчилик йўналишида бўлиб, улар ишлаб чиқариш биноларини уч қаватдан беш қаватгача қилиб барпо этишмоқда. Уларнинг ҳар бирида камида шу маҳаллада истиқомат қилувчи 200-300 нафардан йигит-қизлар меҳнат қилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, 3,9 гектар майдонни эгаллайдиган “Даштбоғ” кичик саноат зонасида келгусида 22 та лойиҳа ўз ишини бошлайди, уларда 3 минг 900 та иш ўрни яратилади. Айни пайтда эса келгусида ишга тушадиган корхоналарга зарур коммунал тармоқлар тортилиб, инфратузилмасини яхшилаш ишлари якунига етказилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА