Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош вазир ўринбосари Самарқандда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди
19:59 / 2021-04-21

Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифи чоғида 16 апрель куни вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда Бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар, секторлар раҳбарларига жорий йилда вилоятда амалга ошириладиган ишлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиш топшириғини берган эди.

Мазкур топшириққа кўра, Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов ҳамда у раҳбарлигидаги комплекс масъуллари вилоятда туризм, спорт ва маданият соҳаларини ривожлантириш юзасидан амалга ошириладиган ишлар юзасидан пресс-ҳисобот ўтказди.

Тадбирда A.Абдуҳакимов билан бирга маданият вазири О.Назарбеков, туризм ва спорт вазири ўринбосарлари, кинематография агентлиги бош директори, вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди ва вилоятда ўз йўналишларида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берди.

– Давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифалар ҳамда жойларда туризм, спорт, маданият, кинематография соҳалари бўйича олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, ушбу соҳаларни жадал ривожлантириш юзасидан вазифаларни белгилаб олдик, – деди Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов. 

– Жумладан, туризм соҳасида 2021 йилда мамлакатимиз ҳудудидан Самарқандга 1,3 миллион нафар маҳаллий, пандемия билан боғлиқ вазият яхшиланишига қараб, 220 минг нафар хорижий сайёҳни жалб қилиш орқали туризм соҳасидаги 1000 та иш ўринларини қайта тиклаш, хорижий авиаташувчи компанияларни “Самарқанд аэропорти – Ўзбекистон халқаро туризм дарвозаси” концепцияси асосида Самарқанд халқаро аэропортига жалб қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди. Шунингдек, Умра+ дастури бўйича хорижий мамлакатлардан зиёратчи туристларни Самарқандга кенг жалб этиш бўйича бир қатор дастурлар амалга оширилади.

Вилоятда замонавий туристик хизматларни яратиш имконини берувчи 8 та меҳмонхона, тематик хиёбонлар, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази ва сунъий ҳавзалар фаолияти йўлга қўйилади. Майдони 18 минг кв.м.ни ташкил этувчи халқаро конгресс маркази ва кўргазма мажмуаларини ташкил этиш орқали Самарқанд шаҳри MICE-tourism ва халқаро-сиёсий анжуманлар марказига айланади. 

Ушбу марказ ишга туширилгандан кейин 2 мингта иш ўрни яратилади. 2020 йилда Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғида мамлакатимизда биринчи “Туризм қишлоғи” ташкил этилган эди. Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида 7,1 гектар ҳудуддан иборат 100 га яқин туристик объект, хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш орқали 460 нафар иш ўринлари яратилади.

Самарқанд шаҳар Мирзо Бобур кўчасида “Буюк Ипак йўли” музейини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилди. Унда музейга кирган ҳар бир турист юртимизнинг энг қадимги даври, мамлакатимизнинг “Буюк Ипак Йўли”да тутган ўрни ва аҳамияти билан голограммалар, 3D-моделлаштириш, VR-тизимлар ва бошқа замонавий технологиялар асосида жонли танишиш имкониятига эга бўлади. Вилоятда ўтказилиши режалаштирилган халқаро анжуманларга пухта тайёргарлик кўриш доирасида шаҳар инфратузилмаси яхшиланади. 

Президентимизнинг тегишли қарорлари доирасида ажратилган 978,9 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ҳисобидан Самарқанд шаҳрида 83,4 километр автомобиль йўлларини “девордан деворгача” тамойили асосида капитал таъмирлаш, 100,3 километр электр тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш, 25 километр ичимлик суви, 41,5 километр ахборот коммуникациялари тармоқларини қуриш, 14,1 км. газ тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилади.

Жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури асосида 28 миллиард сўм маблағ доирасида 5 та спорт иншоотини янгидан қуриш ва капитал реконструкция қилиш кўзда тутилган. Жумладан, 154 ўринга мўлжалланган барча қулайликларга эга бўлган футбол академияси қурилади. Бюджет ҳамда хусусий сектор маблағлари ҳисобидан 60,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 181 та спорт иншооти ва майдончалари, хусусан, 56 та воркаут, 33 та стритбол, 32 та бадминтон, 60 та мини-футбол майдонлари ташкил этилади.

Маданият вазири О.Назарбековнинг қайд этишича, вилоятдаги 90 та маҳалла ва 45 та маданият марказлари билан ҳамкорликда “Маҳаллабай тўгараклар” лойиҳаси амалга оширилиб, 180 та тўгарак очилади. 32 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда 64 та умумтаълим мактаблари ўртасида ҳамкорлик ўрнатган ҳолда биттадан “Болалар ҳаваскорлик ансамбллари” тузилади. Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Мактабда маданият маркази” лойиҳаси амалга оширилади. Самарқанддаги 11 та олий таълим муассасаларининг ҳар бирида талабалар қизиқишидан келиб чиққан ҳолда мусиқа ижрочилиги, анъанавий хонандалик ва рақс санъати бўйича талабалар ҳаваскорлик ансамбллари очилади.

Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари ва масъуллар оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА