Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош вазир ўринбосари Қашқадарёда тиббиёт муассасаларидаги вазият билан танишди
17:28 / 2021-04-06

Жорий йилнинг 1 апрель куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ундаги топшириқлар ва Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида бўлди.

Б.Мусаев захира сифатида сақланаётган Қарши шаҳридаги «Геолог» махсус тақсимлаш марказида бўлиб, захира ўринлари, дори-дармон таъминоти шайлигини кўздан кечирган.

Ишчи гуруҳ Қарши шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникада коронавирусга қарши эмлаш пунктида дастлабки босқичда 65 ёшдан ошган хавф гуруҳига кирувчи фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимларида вакцинацияни ташкил этиш, мазкур жараён бўйича emlash.uz платформаси орқали яратилган электрон база имкониятлари, тор соҳа мутахассислари фаолияти, лаборатория, рентген хоналаридаги шароитлар билан яқиндан танишиб, зарур тавсияларни берди. Поликлиника томонидан «маҳаллабай» ишлаш тизими маҳаллаларнинг тиббий хариталарини шакллантириш жараёнларини кўриб чиқди.

Миришкор туманининг Ободон маҳалласида жойлашган 25-оилавий поликлиникадаги шароитлар билан танишилди. Мазкур поликлиникада 46 та олий ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб боради ва кундалик 150 нафар аҳолига хизмат кўрсатиши мўлжалланган.

Мазкур поликлиниканинг Миробод қишлоғидаги шохобчаси, «Олтин бошоқ» ҳудудидаги собиқ ҚВП биноларида давлат-хусусий шерикчилик асосида тиббий муассасалар ташкил этиш имкониятларини ўрганди.

Шунингдек, Ишчи гуруҳ Миришкор туман кўп тармоқли оилавий поликлиника фаолияти билан танишди. Тиббиёт муассасаси мутахассислари билан давра суҳбати ўтказилди. Унда шифокорларнинг таклиф ва муаммолари тингланди.

Кўп тармоқли поликлиника, туман тиббиёт бирлашмасида барча кассалликларга ташхис қўйиш ва даволаш чораларини кўриш бўйича замин яратиш лозимлиги айтилди. Республика Онкология илмий-амалий марказидан туманга бириктирилган мутахассиснинг фаолияти таҳлил қилинди, ҳудудда тиббиётни ривожлантиришга доир таклифи эшитилди.

Миришкор тумани ҳокимлиги томонидан кўп тармоқли поликлиникага компьютер жамланмаси ҳадя қилинди.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти ҳокимлигида тиббиёт муассасалари, санитария эпидемиология марказлари раҳбарлари, мутахассислар иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят тиббиётидаги муаммолар, аҳолини соғломлаштиришда ўзига хос тизим яратилмаганлиги, соҳадаги фармон ва қарорлар, норматив ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг бажарилишида камчиликларга йўл қўйилаётганлиги айтиб ўтилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда, бозорлар, умумий овқатланиш мажмуаларида санитария ва эпидемиологик ҳолатнинг ёмонлиги аниқланган. Буни ўзгартириш учун вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси раҳбари Тўхтамурод Пакировга вазиятни ўнглаш, қайтадан йўлга қўйиш учун бир ҳафта муддат берилди.

Даволаш протоколларининг самараси, шифокорларнинг бу борадаги билими, малакасини ошириш борасида ҳам таклифлар билдирилди. Шунингдек, йиғилишда бош шифокорнинг функционал вазифаларини қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 297 нафар тор соҳа мутахассиси етишмайди. Бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тулаков Самарқанд тиббиёт институти билан ҳамкорликни йўлга қўйгани, вилоятдан бориб, ўқиётган юқори босқич талабаларини туманлар бўйича тақсимотлари ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган йиғилишда бирламчи бўғинда фаолият олиб бораётган соҳа ходимлари, ихтисослашган илмий-амалий марказларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг таклифлари тингланди. Сўнг Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси, туман юқумли касалликлар шифохонаси, Севаз қишлоқ оилавий поликлиникаси фаолияти билан танишилди.

Туман юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус пандемияси шароитида беморларга хизмат кўрсатиш жараёни ўрганилди.

Бирламчи тиббиёт бўғинларида аҳолини саломатлик ва касаллик кўрсатгичлари асосида гуруҳларга ажратиш бўйича ўтказилган хатлов натижалари таҳлил қилинди.

Шундан сўнг, Шаҳрисабз шаҳар ва Шаҳрисабз тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси фаолияти ҳам ўрганилди.

Ишчи гуруҳнинг вилоят бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.

Ў.Баротов, Ўз