Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги Республика Ишчи гуруҳи Наманган вилоятида бўлиб, саноат салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишди.
Хусусан, ишчи гуруҳ Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳмроҳлигида Янги Наманган тумани ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кластер шаклида янги ташкил этилаётган “Ойқирон” кичик саноат зонасида бўлди.
Тадбиркорлар билан очиқ учрашувда таъкидлаб ўтилганидек, янги ташкил этилаётган ушбу кичик саноат зонасининг майдони 10 гектар бўлиб, жами 80 та тенг участкаларга бўлинган. Саноат майдонларини сотиш шу йилнинг 1 декабридан бошланади ва кимошди савдоси орқали амалга оширилади. Кимошди савдоси иштирокчилари ер участкаси мулкчиликка олинган кундан бошлаб 6 ой мобайнида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шунингденк, ишлаб чиқариш объектларида камида 50 та иш ўрни яратилиши керак.
Ҳозирги пайтга қадар кимошди савдосида иштирок этиш учун 120 нафар тадбиркордан аризалар келиб тушган. Янги ташкил этилган саноат ҳудудида келгусида жойлаштириш учун умумий миқдори қарийб 50 миллион долларга тенг бўлган 53 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги ташкил этилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларида таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари учун мебель маҳсулотлари ва унинг бутловчи қисмлари, аксессуарлар ва тайёр мебель маҳсулотлари, офис ва хонадон учун мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Янги кичик саноат зонасида 1 минг 100 га яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов ишбилармонлар билан мулоқотда сўз олиб, Наманган вилоятида кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожи йўлида амалга оширилаётган навбатдаги эзгу ташаббусни мамнуният билан олқишлади. Тадбиркорларга кичик саноат зонаси ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириши учун ҳар томонлама ёрдам берилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасидан жозибадор инвестициявий лойиҳалари ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизигача бўлган миқдорда молиявий ёрдам ажратилиши мумкинлиги билдирилди.
Мулоқотда тадбиркорлар саноат зоналари ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ турли масалаларни муҳокама қилиш, саволлар бериш ва бизнес-ғоялари билан бўлишиш имкониятга эга бўлди. Шунингдек, учрашувда маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар ўз фаолияти давомида дуч келадиган муаммоли масалалар ҳам тилга олинди. Ишчи гуруҳ томонидан билдирилган мурожаатлар ҳар томонлама кўриб чиқилиб, мутасадди раҳбарларга кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва самарали чора-тадбирлар кўриш вазифаси топширилди.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган шаҳрида ташкил этилган “Баркамол авлод” кичик саноат зонасига борди. Ташриф давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг қисқача тақдимоти ўтказилди. Кичик саноат зонасини ишга тушириш жараёнларини жадаллаштириш ва инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларига амалий ёрдам кўрсатиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбиркорлар ҳамда лойиҳалар ташаббускорлари билан бўлиб ўтган учрашувда бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида сўз борди. Ишлаб чиқарувчиларнинг мурожаатлари тингланиб, унда илгари сурилган таклифлар, ҳар бир масаланинг аниқ ечими борасида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА