Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳамда тегишли вазирликлар, ташкилот ва идоралар раҳбарлари тадбиркорлик фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида фарғоналик тадбиркорлар билан учрашди.
Фарғона вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотларга кўмакчи бўлаётган тадбиркорларнинг дардини эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш учун вилоят маркази, шунингдек, барча шаҳар ва туманларда “Тадбиркорлар уйи” ташкил этилди. Вилоят раҳбари ҳар ҳафтанинг душанба куни тадбиркорларни қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этмоқда.
Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да бўлиб ўтган мазкур мулоқотда 200 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.
Сўхлик тадбиркорнинг туманда божхона пункти йўқлиги сабабли маҳсулотини қўшни Қирғизистонга жўнатиш учун аввал Фарғонага олиб келишга мажбур бўлаётгани, ўзи ташкил этмоқчи бўлган логистика марказида бундай божхона хизмати йўлга қўйиб берилиши тадбиркорларнинг харажатини анча камайтириши ҳақидаги таклифи ҳам ўринли қабул қилинди.
[gallery-1847]
100 нафардан зиёд тадбиркорлар нодавлат мактабгача таълим муассасаси қуриш, чорвачилик, қандолатчилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишларда тижорат банкларидан кредит олишда амалий ёрдам сўраб, банкларнинг вилоят филиалларига бу борада ваколатни кенгайтириб бериш бўйича мурожаат қилди. Уларнинг масалалари тегишли тартибда Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов ҳамда тижорат банкларининг республика бошқаруви раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди.
Учрашувда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҳам иштирок этиб, солиқ масалаларига оид муаммоси бўлган 20 нафарга яқин тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида долзарблик касб этган солиқ қарздорлиги ва ҚҚС билан боғлиқ ҳар бир мурожаат диққат билан тинглангач, зарур тушунтиришлар берилди, муаммолар ечими юзасидан ҳар бирини алоҳида кўриб чиқилиши белгилаб олинди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган рухсатномалар олиш, коммуникация тармоқларига уланиш, бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланиш, божхона тўловларида имтиёзлар олиш ва бошқа турли масалаларда Республика вазирликлари ва идоралари рухсати ва аралашуви талаб этиладиган мурожаатлар келиб тушди.
Мурожаатларнинг ижроси юзасидан тегишлилиги бўйича масъул мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Қонуний жиҳатдан қаноатлантириш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатлар бўйича тадбиркорларга тушунчалар берилди ҳамда лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича амалий ёрдам берилишига келишилди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА