Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда университет ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О. Дуйсенбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Р.Нуразизов, Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси К.Тарихов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўринбосари Е.Қайипбергенов барчани Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги билан самимий қутлаб, Конституциянинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашдаги ўрни, жамият тараққиётидаги аҳамияти ҳамда унда белгиланган асосий тамойилларга тўхталишди.
[gallery-26597]
Ўзбекистон Республикасининг жаҳон сиёсий майдонида мустақил давлат сифатида ўз ўрнига эга бўлиши, ривожланиш йўлини белгилаб, йилдан-йилга нуфузи ортиб бориши ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти юқори эканлиги таъкидланди.
Сўзга чиққанлар, шунингдек, Бош Қомусимизнинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни, қонун устуворлиги тамойилларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани, жамият ва давлат бошқарувида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот беришди. Улар айниқса, ёшлар орасида юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Байрам тадбирида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи оркестр жамоасининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА