8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакатимиз давлатчилиги, ҳуқуқий тизими ва жамият ҳаётининг мустаҳкам пойдевори бўлиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган тарихи, маънавий қадриятлари ва миллий ўзлигини ўзида мужассам этган ҳуқуқий ҳужжатдир. Конституция нафақат давлат бошқаруви асосларини белгилайди, балки маънавий меросни асраш, муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга етказиш учун ҳуқуқий кафолат яратади.
Ўттиз уч йиллиги кенг нишонланиши белгиланган Бош қомусимизнинг, айниқса, маънавий меросни муҳофаза қилиш борасидаги ўрни ва аҳамияти юксакдир.
Жорий йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишга мувофиқ, мамлакатимизда Конституция кунига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича кенг кўламли тадбирлар дастури тасдиқланди. Бу тадбирлар “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” шиори остида ўтказилиб, жамиятда қонунийлик билан маънавият уйғунлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Фармойиш асосида республика бўйлаб маънавий-маърифий, ҳуқуқий ва маданий тадбирлар ташкил этилиб, уларда Конституция нормалари, инсон қадри, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий меросни асраб-авайлаш масалалари кенг ёритилади. Бу эса Бош қомус қоидаларининг ҳаётимизга чуқур сингиши ва жамият маънавий юксалишига хизмат қилади.
Маълумки, 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Айниқса, 2023 йилда умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция давлат ва жамият ҳаётида янги саҳифа очди. Унда инсон ҳуқуқлари билан бир қаторда, маънавий меросга оид масалалар ҳам давлат муҳофазаси даражасига кўтарилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида мустаҳкам белгилаб қўйилди. Инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш билан бирга, миллий маънавият ва маънавий меросни сақлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида мазмунан ифодаланди.
Конституциянинг 61-моддасида фуқароларнинг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросни асраб-авайлаш мажбурияти белгилангани бежиз эмас. Чунки маънавий мерос – миллат хотираси, маданий илдизлар ва миллий ўзликнинг асосидир.
Шунингдек, Конституциянинг 52-моддасида ўқитувчилар меҳнати жамият тараққиёти ва маънавий камолотнинг пойдевори сифатида эътироф этилди. Бу эса маънавий мероснинг узлуксизлиги айнан таълим ва тарбия орқали таъминланишини англатади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси маънавий меросни давлат ва жамият учун стратегик қиймат сифатида мустаҳкамлади. Инсон қадрини улуғлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилиш орқали адолатли ҳамда маънавий баркамол жамият қуриш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.
Жамолиддин
РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими.
ЎзА