Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош қомусимизнинг 30 йиллик юбилейи Конституциявий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг ўтмоқда
10:49 / 2022-12-07

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Асосий қонунимиз миллатимизнинг бугуни ва эртаси, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодасидир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига роппа-роса 30 йил тўлди. Юбилей шодиёналари мамлакатимизда кечаётган Конституциявий ислоҳотлар билан уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтаётгани алоҳида аҳамият касб этади. Сана муносабати билан барча ташкилот ва идораларда байрам тадбирлари, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.  

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан ҳам “Конституциявий ислоҳотлар: инсон қадри ва эркинлиги кафолати” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.  

Семинарда Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари, Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихидан бошлаб, ҳозирги кунга қадар киритилган ўзгартишлар, бугунги кунда Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар ҳақида батафсил тўхталди:  

– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Бу йилги байрам тадбирлари Конституциявий ислоҳотлар билан уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтмоқда. Таъкидлаш жоизки, Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари давомида 150 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Ушбу таклифлар масъул қўмиталар ҳамда Конституциявий комиссия аъзолари томонидан бир қатор мезонлар асосида таҳлил қилиб борилди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик, гендер тенглик, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, коррупцияга қарши, лингвистик ва бошқа экспертизалардан ўтказилди, – деди Фирдавс Шарипов.  

Тадбирда ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари ҳам сўз олиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хусусан, Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёнлари, Бош қомусимизни “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида такомиллаштиришнинг ҳаётий зарурати ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Таъкидланганидек, Асосий қонунимизда биринчи навбатда шахс манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгиланаётгани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилаётгани алоҳида эътиборга молик.    

Семинар давомида Конституциявий ислоҳотлар жараёнида барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этиши бўйича вазифалар ҳам белгилаб олинди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА