Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгаришлар юртимизнинг фаровон келажагига хизмат қилади
15:44 / 2022-06-21

Муносабат

Мамлакатимизда бошланган конституциявий ислоҳотлар нафақат юртдошларимиз балки, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Чет элда яшаётган ижтимоий фаол фуқароларимизнинг бу борадаги фикрлари ўқувчиларимиз учун ҳам қизиқ бўлса керак...

Муҳаммадали Юсупов, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Мисрдаги вакили:

– Ўзбекистонда кенг муҳокама қилинаётган конституциявий ислоҳотлар Мисрдаги ватандошларимиз орасида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу ўзгаришлар эркин фикр, мулоҳаза билдириш, жорий этилажак янгиликларни танлаш имконияти, очиқлик ва шаффофлик рамзи сифатида қабул қилиняпти.

Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам таклифларимни билдирмоқчиман. 

Фикримча, янги иш бошлаётган ўқитувчини синовдан ўтказишда унга холис баҳо бериш, мутахассиснинг ёш авлодга таълим бериш бўйича руҳий ва жисмоний лаёқатини кўздан кечириб қарор чиқариш зарур. Ҳозир ўрта махсус мактабларда таълим бераётган ўқитувчиларнинг ўқувчилар билан ўзаро алоқаси, дарс бериш услуби, хулқи ва талабчанлигини текширувдан ўтказишни такомиллаштириш, синовдан ўта олмаган ёки жуда паст натижа кўрсатган ўқувчиларни синфда қолдириш тизимини йўлга қўйиш лозим, деб ўйлайман.

Шу билан бирга хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш мақсадида четда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг фарзандларига мамлакатимизда чоп этилган дарслик, босма нашрлар етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Тиббиёт соҳасида эса янги туғилган чақалоқ ва унинг онасини дори-дармон, ақлни ривожлантирувчи интерактив ўйинчоқлар билан таъминлаш, шифокорларга зулм кўрсатаётган кишиларга қаттиқ чора кўриш, тиббиёт ходимларини моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, соҳада таълим олаётган ёшларнинг ўқиш жараёнини қаттиқ назорат қилиш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишини чеклаш сингари ҳолатлар назарда тутилишини хоҳлардим.

Баҳодир Тўхтабоев, «Borets Seven Seas Co. LLC» компанияси минтақавий менежери:

– Ўзбекистон Президентининг Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашуви давомида билдирган фикрлари биз, ёшларни эртанги кунга ишонч билан қарашга ундайди.

Дарҳақиқат, Конституцияга ўзгариш киритиш мамлакатнинг мустақил ривожланиши йўлида қўйилган муҳим қадам бўлиб, Янги Ўзбекистон барпо этилиши жараёнида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар учун қонуний пойдеворни шакллантиради.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг «Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат» ёндашувини Конституциямиз мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётда бош қадриятга айлантириш зарур. Давлатимиз раҳбарининг инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак», деган фикри Ўзбекистон аҳолисининг барча ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланиши гарови, тинч ва осойишта ҳаёт, доимий тараққиёт нинг муносиб қонуний асосидир.

Абдурауф Жўрахолов, Антверпен университети профессори (Бельгия):

– Биз, хориждаги ватандошлар Ўзбекистон фуқароси сифатида юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча жабҳаларда жадал суръат билан олиб борилаётган ислоҳотларни мунтазам кузатиб борамиз.

Сўнгги йилларда таклиф этилаётган қатор ижобий ғоялар, замон талабига мос янгиланишлар мамлакатимиз Бош Қомуси ислоҳ қилинишини талаб қилади. Айни шарт мамлакатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида аниқ кўрсатиб берилди.

Таъкидлаганидек, «Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда».

Президентимизнинг мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда жамиятда инсоннинг ўрни ва қадри қандай бўлиши, сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, қадрият ва манфаатлар биз учун қай даражада устуворлик касб этиши лозимлиги ҳақидаги мулоҳазалари беқиёс аҳамиятга эга, ҳал этилиши шарт бўлган асосий масалалардир. Конституцияга ўзгариш киритиш дунё амалиётида кўп учрайди ва бу жараён, одатда, давр талабидан келиб чиқиб намоён бўлади. Шу маънода биздаги қисқа муддатда юз бераётган мисли кўрилмаган янгиланишлар, Тараққиёт стратегиясида белгиланган масалалар замон талаби сифатида Бош қомус ислоҳотини тақозо этмоқда.

Мамлакатимизда ёшларга алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда замон талабига мос янгича фикрлайдиган авлод тарбияси, ўғил-қизларимизнинг давлат ва мамлакат тараққиётидаги ўрни, маҳаллалар, ўз-ўзини бошқариш идоралари фаолиятига янгича ёндашувлар билан боғлиқ зарур меъёрлар конституцияда етарли ёритиб берилмаган. Зеро, бугунги кунда инсон омили, одамлар манфаати энг устувор мақсадга айланган.

Ватандош сифатида Бош қомусимиз ислоҳотини қўллаб-қувватлайман ва бу ўзгаришлар юртимизнинг фаровон келажагига хизмат қилади, деб ишонаман.

Гўзал САТТОРОВА ёзиб олди.

ЎзА