Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош қомусимиз ислоҳоти мавзуси хориждаги ёшларимиз нигоҳида
18:22 / 2022-06-30

Муносабат

Абдусамат Ўролов, Георг-Август номидаги Гёттинген университети магистранти, Мартин Колман адвокатлик уйи (Хемниц шаҳри) амалиётчиси:

- 2008 йили Тошкент давлат юридик институтини тамомлаб, бир неча йил Бухоро вилояти Ромитан туманида мутахассислигим бўйича фаолият юритганман. Ўша давр Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими учун ўта мураккаб бўлиб, судлар эркин эмас эди, адвокатлик институти давлат томонидан, деярли, қўллаб-қувватланмасди.

Ўз тажрибамда ҳам айни ҳолатларга бир неча бор дуч келганман-ки,  бундай воқеалар фуқароларнинг судларга, давлат идораларига ишончсизлик билан қарашига сабаб бўлган.

Бугунги кунда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасида кечаётган ислоҳот эса одамларнинг тизимга ишончини кучайтирмоқда. Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўз олдига қўйган пировард мақсадларидан бири юртимизда одил судлов тизимини жорий қилиш. Шу маънода сўнгги 5 йилда соҳада мисли кўрилмаган ижобий ишлар амалга оширилгани ҳақиқат.

Германия суд-ҳуқуқ тажрибасини уч йилдан бери ўрганиб келаётган мутахассис сифатида айтишим мумкин-ки, адолатли судни таъминлаш доирасидаги ислоҳотлар билан бир қаторда адвокатлик мактабини ҳам кучайтиришимиз, кучли адвокатларни тайёрлашимиз керак.

Бош қомусимизга ўзгариш киритиш борасида жамланаётган таклифлар платформасига адвокатура тизимини янада такомиллаштириш бўйича фикримни ёзиб юбордим. Ишонаманки, таклифим эътиборсиз қолмайди. Зеро, адвокатура институтининг конституциявий мақомини ошириш давр талаби.

Нигина Абдужабборова, Бранденбургдаги Отто Шир номидаги ўрта мактаб ўқитувчиси:

- Ўзбекистонда немис тили ўқитувчиси сифатида кўп йил ишлаганман. Малакам қўл келиб, мана, хорижда ўз касбим бўйича ишлаш насиб қилди.

Германияда ўқитувчилик қилиш жуда мураккаб. Айниқса, турли миллат вакилларига немис тилини ўргатиш муаллимдан ўзига хос маҳорат талаб қилади.

ГФРда давлат фан ва таълимга кучли эътибор қаратади, сифатли илм олиш бепул. Демак, биз учун немис таълим тизими тажрибасининг ижобий жиҳатларини ўзлаштириш фойдадан холи эмас.

Масалан, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотларига ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини бериш керак. Бошқача айтганда академик эркинликка эришиш, мустақил тадқиқот ўтказиш ва ўқитиш илм-фан гуркираб ривожланишига хизмат қилади.

Тажрибамдан келиб чиқиб, Бош қомусимизни ўзгартириш жараёнидаги муҳокамада қатнашишга қарор қилдим ва таклифимни meningkonstitutsiyam.uz платформасига жойлаштирдим. Фикрим мутахассисларни бефарқ қолдирмаслигига аминман.

Аслиддин Бобочолов, Гумбольд университети қишлоқ хўжалиги иктисодиёти факультети магистранти:

- Менимча, Конституциямизда меҳнат муносабатига оид эски даврга хоснормалар мавжуд. Масалан, 38-моддада ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эга, деб ёзилган. Савол туғилади: нега фақат ёлланиб ишловчилар дам олиш ҳуқуқига эга, қолганлар-чи?

Шу боис, ушбу қоидани такомиллаштириб, “ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эга” тарзида ёзилиши керак. Бундан ташқари иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътили муддати қонун билан белгиланади, деган нормани кучайтириб, “меҳнат шартномаси бўйича ишловчига қонунда белгиланган иш вақтининг давомийлиги, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил кафолатланади”, мазмунида ўзгартиришни таклиф этаман.

Бундай нормалар ходимларнинг дам олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилади.

Г.Сатторова ёзиб олди.

ЎзА