Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат суверенитети, жамиятда тинчлик ва тотувлик тамойилларига риоя этиш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишнинг кафолатидир.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги, шунингдек 10 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан тантанали байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Конституциянинг жамият ва инсонлар ҳаётида тутган ўрни, унинг нормалари ва моддалари аҳамияти, янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун-моҳияти, шунингдек давлат рамзларидан бири — мадҳия ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Байрамнинг бадиий қисмида иқтидорли талабалар иштирокида тақдим этилган саҳна кўринишлари, куй ва қўшиқлар йиғилганларнинг эътибор марказида бўлди.
Давлат рамзларига ҳурмат, мадҳияга садоқат, қонунларга бўлган ишонч — шу каби тадбирлар орқали ёшлар қалбида мустаҳкамланади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА