Ўзбекистон Миллий педагогика университетида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистон Конституцияси – ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашнинг ҳуқуқий асоси” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Адолат" СДП фракцияси раҳбари ўринбосари Ойдин Абдуллаева иштирок этиб, маъруза қилди.

Қайд этилганидек, халқимиз муаллифлигида қабул қилинган Конституция матнининг қарийб 65 фоизи янгиланди. Унинг асосий қисми инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига бағишланди. Хусусан, Асосий қонунда ижтимоий давлат тамойилини акс эттирувчи муҳим бўғинлар – соғлиқни сақлаш ва таълим кафолатлари мустаҳкамланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши Конституциямизнинг 13-моддасида аниқ белгилаб қўйилгани таъкидланди. Яна бир қатор моддаларнинг кундалик ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусида сўз борди.

Муҳокамаларда сўз олганлар Бош қомусимиз ҳуқуқий тафаккурнинг юксак намунаси эканига эътибор қаратиб, унинг ҳар бир моддаси жамият тараққиёти, давлат ривожи, аҳоли фаровонлгини таъминлашга хизмат қилишини қайд этди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА