Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари ФарДУда ёшлар билан учрашди
15:40 / 2026-02-27

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшлар билан очиқ мулоқотлар мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёш авлоднинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимиз келажаги, унинг тараққиёти ва равнақи, аввало, билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшларга боғлиқдир.

Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Баҳриддин Валиев Фарғона давлат университетига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари  олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов ҳамда университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ҳамроҳлигида олий ўқув юртининг умумий салоҳияти, илмий ва таълим фаолияти билан яқиндан танишди.

Учрашув давомида университетнинг бугунги ҳолати, сўнгги йилларда эришилган ютуқлари, моддий-техник базаси, замонавий инфратузилмаси ҳамда истиқболли ривожланиш режалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, “Ёшлар куни” муносабати билан Баҳриддин Валиев университетнинг Ҳарбий таълим факультети талабалари ҳамда спорт йўналишида фаолият олиб бораётган ёшлар билан очиқ  мулоқот ўтказди.

Суҳбат жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Генерал-майор Баҳриддин Валиев ёшларга ўз олдига аниқ мақсад қўйиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади.

Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этиб, уларга қимматли маслаҳатлар берди.

Мазкур ташриф ёшлар билан мулоқотни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва фаол фуқаролик позициясини юксалтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА