Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокурор: Янгиланган Конституция кучга кириши билан ундаги нормаларни амалиётда қўллаш бошланди
15:28 / 2023-12-06

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қарийб 28 мингта текшириш ўтказилди. Натижаси бўйича жами 134 мингтага яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилди. Энг муҳими, 321 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари  тикланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев янгиланган Конституциянинг аҳамияти, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари прокуратура органлари томонидан қандай таъминланаётгани ҳақида маълумот берди: 

– Конституцияни ислоҳ қилиш давлатимизнинг эл-юрт саодати йўлидаги олий мақсадлари сари қўйилган улкан қадами бўлди. Асосий қонунимизнинг кучга киргани барчамизнинг зиммамизга фавқулодда юксак масъулият юклади.

Давлатимиз раҳбарининг янгиланган Конституцияни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга оид 2023 йил 8 майдаги 67-сонли фармонида белгиланган, умуман олганда, ушбу Конституциянинг ўзи ҳам тақозо этадиган  вазифалар ижросига шу нуқтаи назардан ёндашмоқдамиз.

Жумладан, дастурнинг учинчи йўналиши – ҳуқуқий давлат принципи асосида инсон қадрини улуғлаш сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга чиқариш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар бошланди.

Бунда, асосий эътибор, Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри   ва  сўзсиз   қўлланилишига қаратилмоқда.

Зотан, қайд этилган дастурда кўзда тутилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиб, амалга киритиш учун муайян вақт талаб этилар эди. Конституция нормалари эса, жорий йил 1 майдан кучга кирди.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш бўйича янги нормаларни амалиётда бевосита ўша куннинг ўзидан бошлаб қўллашга тўғри келди.

Хусусан, Конституция ҳамда дастурга мувофиқ уй-жойда тинтув ўтказиш, шахснинг телефон сўзлашувлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотларни олиш фақат қонунга мувофиқ 
ва суднинг қарорига асосан амалга оширилиши белгиланди.

Бош прокуратура, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари вакиллари иштирокида ушбу муҳим қоидаларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтирилди. Авваламбор, уни қўллашда конституциявий тамойилларга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Инсон ва  фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини амалда таъминлаш, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунлар ижросини сўзсиз рўёбга чиқариш борасидаги ишлар натижаларини акс эттирувчи кўрсаткичлар бу борада ижобий натижаларга эришилаётганини намоён қилмоқда. 

Жумладан, прокуратура   органлари  томонидан жорий йилнинг 10  ойида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қарийб 28 мингта текшириш ўтказилди. Натижаси бўйича жами 134 мингтага яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилди. Энг муҳими, 321 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари   тикланди. 

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 2,3  триллион  сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланди.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш ишлари ҳам янги босқичга кўтарилди. Шу мақсадда 9 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди. Қонунбузарликларга йўл қўйган 13,2 минг нафардан зиёд шахс жавобгарликка тортилди, 5,2 миллиард сўм зарар ихтиёрий ундирилди.

Фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни бартараф қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Жорий йилнинг 10 ойида келиб тушган жами 388 мингдан зиёд мурожаатнинг 215 мингтаси бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 287 минг нафар фуқаро қабул қилинди.

Натижада 41 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 91 мингга яқин мурожаатда кўтарилган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳам янгича талаблар асосида такомиллаштирилмоқда. Прокуратура органларида жорий этилган “Бюджет назорати” электрон дастурини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликларининг тегишли тизимлари билан интеграция қилиш орқали барча объектларнинг лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб, у фойдаланишга топширилгунга қадар бўлган жараёнлар бўйича “туман – вилоят – республика” даражасида онлайн мониторинг йўлга қўйилди.

Интернетда очилган махсус канал ва штабларда ишга туширилган “очиқ телефон” орқали кенг жамоатчилик учун дастурлар ижросининг боришини муҳокама қилиш имкони яратилди.

Тизимли камчиликлар омилларини бартараф этишга қаратилган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан нохолис баҳолаш мезонлари бекор қилинди. 46  мингдан зиёд пудратчи ташкилот қайта сараланиб, уларнинг зарур салоҳиятга эга бўлмаган 29  мингтаси рейтинг рўйхатидан чиқарилди. Пудратчини танлаш жараёнида харид комиссиясининг иштироки илк маротаба тўлиқ бекор қилинди. 

Илгари жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ва норозиликлар келтириб чиқарган лойиҳа ҳамда пудрат ташкилотларининг рейтинг баллари ва уларни шакллантирган кўрсаткичлар ошкора юритила бошланди.

Натижада биргина жорий йилги давлат дастурларига киритилган лойиҳаларда қиммат ва асоссиз ҳисобланган 2 триллион 566,6 миллиард сўмлик қиймат мақбуллаштирилиб, бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди  олинди, 22,2  миллиард  сўмлик сифатсиз ишлар ва 15,3  миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилди.

Хулоса сифатида қайд этиш жоизки, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофазалашдек шарафли вазифаларни зиммасига олган прокурорларнинг масъулияти  ҳар қачонгидан ҳам кучайди.

                                                        ЎзА мухбири

                                               Норгул Абдураимова ёзиб олди.