English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокурор: Сайлов жараёнида қўпол қонун бузилишлари аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди
18:50 / 2019-12-23

Халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.


Халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Бош прокурор ўз сўзида сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш бўйича зарур чоралар олиб борилганини қайд этди.

Сайлов билан боғлиқ айрим қўпол қонун бузилишлари ҳам аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди.

Хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси Бобур Холматовнинг мурожаати текширилган. Текширишда Учтепа тумани ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Шерзод Нигматов Ўзбекистон Экологик партияси ички ишларига ва сайлов жараёнига ноқонуний аралашганлиги аниқланган.

Нигматов ва партиянинг туман кенгаши раиси Махкамовлар Либерал демократик партия аъзоси Бобур Холматов, “Адолат” партияси аъзоси Ҳулкар Юнусова ҳамда 2017 йилдан Америка Қўшма Штатларида яшаётган Санобар Азимоваларнинг номзодини уларнинг розилигисиз ва хабарисиз Экологик партиядан Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатиб, сайлов ҳужжатларига сохта маълумотлар киритган.

Иккинчи ҳолат, 22 декабрь куни соат 22.00 ларда “Телеграм” тармоғида Сергели туманидаги 17-сонли участка сайлов комиссиясида 9 дона сайлов бюллетени бир шахс томонидан имзоланиб, сохталаштирилганлиги ҳақидаги видеолавҳа тарқалди.

Видеолавҳада тумандаги 426-сонли сайлов участкасида овозларни саноқдан ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига номзодларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчилар киритилмасдан, саноқдан ўтказиш алоҳида хонада амалга оширилганлиги ҳам акс этган.

Бош прокурорнинг айтишича, мазкур ҳолатлар юзасидан 23 декабрь куни Жиноят кодексининг 146-моддаси ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура томонидан тергов ўтказишга киришилди.

Яна бир ҳолат, Яшнобод тумани ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Қудрат Хусанов 22 декабрь куни тумандаги округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятига ноқонуний аралашиб, 30 та участка сайлов комиссиялари раисларига сайловдан кейин зудлик билан сайлов баённомаларининг қоралама нусхалари билан етиб келишини ҳамда баённомаларнинг асл нусхаларига бирон-бир ёзув киритмаслик ҳақида ноқонуний кўрсатма берган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш, жумладан, ҳокимлик мутасаддилари маҳалла раисларига муайян номзодларни қўллаб-қувватлаш ҳақида топшириқ берганлиги билан боғлиқ маълумотлар тарқатилиб, улар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу маълумотларни текширишда, ушбу тумандаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳолатлари тасдиқланмаган.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Косон ва Чироқчи туманлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига номзоди кўрсатилган шахсларни ўз номзодларини қайтариб олишга мажбурлаганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам тарқалган.

Умуман олганда, тажрибали прокурор-тергов ходимларидан иборат махсус гуруҳлар тузилиб, мазкур хабарлар юзасидан текшириш ўтказилмоқда.

Сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақидаги мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари маълумотлари Бош прокуратурада ташкил этилган Штаб томонидан алоҳида назоратга олиниб, қонун доирасида ўрганилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.