Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокурор Оққўрғонда болалар заҳарланиши билан боғлиқ вазиятни шахсан ўрганмоқда
18:01 / 2021-08-15

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев мутасадди идораларнинг раҳбар ходимлари билан биргаликда Оққўрғон туманидаги 5 - сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг касалланиши билан боғлиқ ҳолатни жойига чиқиб ўрганди.

Аниқланишича, шу йил 9 август куни мазкур ташкилот тарбияланувчиларидан 19 нафари турли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишган ва уларга “ботулизм” касаллигига гумон ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) жинояти аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, малакали тергов-тезкор ходимлардан иборат таркибда тузилган тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокурор Тошкент вилояти ва мазкур туман прокурорлари ҳамда тергов гуруҳи аъзоларининг тергов жараёни билан боғлиқ ҳисоботларини эшитиб, уларга тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва холисона  ўтказиш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Мазкур жиноят ишининг тергов жараёни Бош прокурор томонидан алоҳида назоратга олинди.

Шунингдек, мутахассислар томонидан мазкур мактабгача таълим ташкилотининг охирги 10 кунлик таомнома бўйича болаларга тарқатилган ва гумон қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, Тошкент вилояти санитария - эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси қошидаги лабораторияга текшириш учун юборилган ҳамда судга оид озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси тайинланган.

Мазкур текширув жараёнлари муайян вақтни талаб қилиши ва таҳлил натижалари бўйича заҳарланиш сабабларига аниқлик киритилиши инобатга олиниб, яна бошқа оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида текширув хулосаларини олгунга қадар гумон қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни вақтинча тўхтатиб туриш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, Бош прокурор томонидан туман тиббиёт бирлашмасида тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, мактабгача таълимни бошқариш ва бошқа мутасадди идоралар масъул ходимлари билан ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва келгусида бундай ноҳуш ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилаш бўйича суҳбат ўтказилди ва тегишли кўрсатмалар берилди.

Аниқланишича, 5-сонли мактабгача таълим ташкилотида 138 нафар тарбияланувчи рўйхат асосида қамраб олинган. Касалланишнинг дастлабки ҳолати аниқланганидан кейин зудлик билан тор доирадаги (инфекционист, лор, окулист, невропатолог) шифокорлардан иборат гуруҳ тузилиб, 10 август куни боғчага келган болалар тиббий кўрикдан ўтказилган.

Шунингдек, боғчага келмаган бошқа тарбияланувчилар эса патронаж гуруҳлари жалб қилинган ҳолда, уйларига бориб кўрикдан   ўтказилган ва назоратга олинган.

Тиббий кўриклар натижалари бўйича касалликка гумон қилинган болалар Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига назорат учун ётқизилган.

32 нафар тарбияланувчи тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган бўлиб, улардан 16 нафари тор доирадаги мутахассислар кўригидан сўнг қониқарли аҳволда яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб, уйларига рухсат берилган. Тиббиёт муассасаларида жами 16 нафар тарбияланувчи даволанмоқда,   уларнинг ҳолати динамикада соғаймоқда.

Шу билан бир қаторда, туман мактабгача таълим бўлими ва ташкилотлари, туман тиббиёт бирлашмаси, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда ветеринария бўлимлари, таъминотчи корхоналар мутасаддилари келгусида бу каби ноҳуш ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида туман прокуратураси томонидан расман огоҳлантирилди.

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ушбу ҳодиса бўйича турли асосланмаган маълумотлар тарқалмоқда.  

Бош прокуратура ахборот хизмати миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишни сўрайди.  

       Н.Абдураимова, ЎзА