Бош прокурор мутасаддилар ҳамроҳлигида Урганч туманидаги 2-сектор ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Қоромон баракати” фермер хўжалиги даласида бўлди.
Ташриф доирасида ўтказилган йиғилишда вилоятнинг янги прокурори Ботир Қудратхўжаев таништирилди.
Ҳудудлардаги муаммоларни халқ билан мулоқот асосида ҳал этиш барча даражадаги давлат органлари фаолиятининг асосий мезонига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида жорий этилган бундай амалиёт қисқа муддатда ўзини тўла оқлади. Шу боис прокуратура органларининг ҳам барча бўғинларида фуқаролар билан мулоқот иш фаолиятининг устувор йўналишларидан бири.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа тузилмалардаги муаммоларнинг ечимини топиш, пандемия шароитида тегишли секторлардаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
Бош прокурор мутасаддилар ҳамроҳлигида Урганч туманидаги 2-сектор ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Қоромон баракати” фермер хўжалиги даласида бўлди.
Пахта теримида иштирок этаётган аҳоли вакилларига яратилган шароитлар, уларни моддий рағбатлантириш масалалари мулоқот марказида бўлди. Теримчилар ва фермер хўжаликлари дуч келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш бўйича тегишли масъулларга зарур кўрсатмалар берилди. Илғор теримчиларга телевизор, гилам, электропеч каби юзга яқин қимматбаҳо совғалар тарқатилди.

Ташрифнинг навбатдаги манзили Хива шаҳрида жойлашган “Болалар шаҳарчаси” бўлди. Бош прокурор мазкур маскан тарбиячи ва тарбияланувчилари билан мулоқот асносида бу ердаги шароитларни янада яхшилаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш бўйича сектор раҳбарларига кўрсатмалар берди ҳамда тарбияланувчиларга ўқув қуроллари, қишки кийим-кечаклар ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Урганч шаҳридаги вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказидаги беморлар аҳволидан ҳам хабар олинди. Мазкур муассасани замонавий кондиционерлар билан таъминлаш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди. Урганч туманидаги 2-сектор ҳудудида жойлашган “Улли ҳовли” хусусий сайёҳлик корхонасига (тарихий мажмуасига) ташриф асносида сайёҳлар ва уларга хизмат кўрсатувчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларни янада фаол жалб этиш масалалари юзасидан масъуллар билан фикр алмашилди.
Урганч шаҳридаги “Ипак йўли групп” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти кўздан кечирилди. Бу каби замонавий тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилишида секторларнинг амалий кўмаги муҳим бўлди. Хусусан, мазкур корхона ҳам имтиёзли асосда банк кредитини олиш, коммуникация тармоқларига ўз вақтида уланиш каби масалаларда секторлар билан фаол ҳамкорлик қилгани мамнуният билан қайд этилди.

Уганч туманидаги “Кўмиртаъминот” масъулияти чекланган жамиятида кўмир ишлаб чиқариш, аҳолига етказиладиган кўмирнинг сифатини назоратга олиш, унинг нархи барқарорлигига эътибор қаратиш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Хоразм вилояти ҳокимлигида Бош прокурор иштирокида ўтказилган йиғилишда эса фаолларга вилоятнинг янги прокурори Ботир Қудратхўжаев таништирилди. Ҳудуддаги долзарб масалалар ечимида прокуратура органларининг тегишли тузилмалар билан ҳамкорлигини яхшилаш масаласига эътибор қаратилди.
Пандемия шароитида эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўйилаётган талабларнинг моҳияти юзасидан масъулларга зарур тушунтиришлар берилди. Вилоятдаги барча прокурор секторларидаги ишларни қисқа муддатда янги босқичга олиб чиқиш бўйича вилоят ва туман, шаҳарлар прокурорлари зиммасига қатор вазифалар юклатилди.