Халқнинг ўзлигини намоён этувчи қадриятларидан бири – бу унинг миллий тилидир. Тил миллатнинг яшаши ва равнақ топишининг кафолати, керак бўлса асосий шарти ҳисобланади.
Зотан, бугунги таҳликали даврда ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш мақсадида, аввало, ўз она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиий.

Бу фикрлар Ўзбекистон Республикаcи Бош прокуратурасида Ўзбек тили байрами муносабати билан “Тилини асраган элини асрайди” шиори остида ўтказилган тадбирда алоҳида қайд этилди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Ўзбек тили байрами билан барчани муборакбод этди ҳамда юртимизда ўзбек тилига берилаётган эътибор ва амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида чинакам янги давр бошлангани, она тилимизнинг жамиятнинг барча соҳаларида фаол қўлланилишига эришиш, ёш авлодни тилимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Айниқса, тараққиётимизнинг янги босқичида она тилимизнинг ривожига хизмат қилувчи улкан қадамлар ташланди. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини тубдан оширишга қаратилган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар кўрилди. Айниқса, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни, деб белгилангани тарихий воқелик бўлди.
Бош прокурор давлат тилига оид қонунчилик ҳужжатларининг ижросини сўзсиз таъминлашда прокуратура органлари ходимларининг масъулиятини янада ошириш, аввало, тизимнинг ўзида давлат тилига юксак эътибор ва ҳурмат руҳини шакллантириш масалаларига ҳам тўхталди. Бу борада прокуратура органлари олдинги сафларда бўлиши таъкидланди.

Жумладан, прокурорлар имзолайдиган ҳар қандай ҳужжат давлат тилининг устувор қоидаларига тўлиқ мос келиши, ҳар бир ходим давлат тилида ёзма ва оғзаки тарзда ўз фикрини тўғри ифодалай олиш маҳоратини эгаллашига эътибор қаратилади. Умуман, тил ҳақидаги билим ва кўникмаларни бойитиб бориш, она тилимизни ҳар қандай тажовуздан, қонунбузилишидан ҳимоялаш прокуратура ходимлари кундалик ишининг бир қисмига айланиши шартлиги ходимларга қатъий уқтирилди.
Шунингдек, тадбирда байрам муносабати билан прокуратура ходимлари ўртасида таҳлилий иш, саводхонлик ва шеърхонлик йўналишларида ўтказилган танлов ғолиб ва совриндорлари диплом ва сертификатлар ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Тадбирда сўз олган таниқли санъаткор, олим, ёзувчи ва шоирлар ҳам давлат тилининг ўрни ва аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА