Кейинги йилларда мамлакатимизда миллат барҳаётлиги, давлат суверенитетининг гарови бўлган ўзбек тилини ривожлантириш, унинг имкониятлари ва жозибадорлигини халқаро миқёсда ҳам тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бош прокуратурада 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Тилга эътибор – элга эътибор” шиори остида ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.
Видеоселектор шаклида ўтказилган ушбу тантанали тадбирда прокуратура органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси масъул ходимлари иштирок этди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан барчани муборакбод этди ҳамда юртимизда ўзбек тилига берилаётган эътибор ва амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар, шунингдек, бу борадаги камчиликларга тўхталиб ўтди.

2019 йилда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда Президентимиз таҳлилий маъруза билан чиқиш қилгани ўзбек тили ривожидаги мутлақо янги ва тарихий босқични бошлаб бергани таъкидлаб ўтилди.
Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли минбарларда давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилида маъруза билан чиққанлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун туркий халқлар ҳаётидаги улкан воқеа бўлганига алоҳида урғу берилди.
Зотан, шу тариқа дунё аҳли бир неча ўн йиллар, ҳатто асрлар ўтиб, музаффар миллатнинг овозини унинг ўз тилида яна эшитди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.
Шу билан бирга, Бош прокурор прокуратура органлари томонидан Давлат тилига доир қонунчилик ҳужжатлар ижроси мунтазам ўрганилиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан қатъий чоралар кўрилаётганини баён қилди.
Шунингдек, тадбирда байрам муносабати билан прокуратура ходимлари ўртасида таҳлилий иш, саводхонлик ва шеърхонлик йўналишларида ўтказилган танлов ғолиб ва совриндорлари диплом ва сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Абдураимова, ЎзА