Президент йиғилишда инвестиция соҳасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Сўнгги олти йилда саноатга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 7 баробар ошди.
Лекин, комплекс, тармоқ ва ҳудуд раҳбарларида ҳар бир доллар инвестиция қанча иш ўрни яратгани, қўшилган қиймат ва экспорт қанчага ошгани борасида таҳлил етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, мамлакатимизда цементга йиллик эҳтиёжни ортиғи билан қоплай оладиган ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган. Лекин, мутасаддилар цементдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли.
Ёки сўнгги уч йилда четдан 14,2 миллиард долларлик асбоб-ускуналар олиб келинди. Лекин, шунча технология киритилаётгани билан ҳудудларнинг саноат экспорти шунга мутаносиб ошмаган.
Шунча маблағ ҳисобига саноат ва экспорт ўсмаяпти-ми, демак ё лойиҳа “шиширилган”, ё кераксиз ускуна олиб келинган, ёки бу технологияларни ишлатишни биладиган мутахассис йўқ, – деди давлат раҳбари.
Бош прокуратурага четдан карра-карра қиммат нархда кираётган ускуналарни аниқлаш ва бунга чек қўйиш бўйича назорат тизимини яратиш топширилди.
ЎзА