Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратурада Ўзбек тили байрами нишонланди
18:37 / 2025-10-18

Халқнинг ўзлигини намоён этувчи қадриятларидан бири – бу унинг миллий тилидир. Шу боис, ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш мақсадида, аввало, ўз она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиий.

Бош прокуратурада “Тил яшаса, миллат яшайди” шиори остида ўтказилган тадбирда шу ҳақда фикр юритилди.  

Видеоселектор шаклида ўтказилган ушбу тантанали тадбирда прокуратура органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирда парламент аъзолари, Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Маънавият ва маърифат маркази, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети раҳбарлари, Ўзбекистон халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Иқбол Мирзо, таниқли санъаткорлар Ёдгор Саъдиев, Лола Элтоева, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Зуҳра Ашурова ва бошқалар қатнашди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан барчани муборакбод этди ҳамда юртимизда давлат тилига берилаётган эътибор ва амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

Президентимиз ташаббуси билан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида чинакам янги давр бошлангани, ёш авлодни тилимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.  

Давлат тилига оид қонунчилик ҳужжатларининг ижросини сўзсиз таъминлашда прокуратура органлари ходимларининг масъулиятини янада ошириш, аввало, тизимнинг ўзида давлат тилига юксак эътибор ва ҳурмат руҳини шакллантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.  

Жумладан, прокурорлар имзолайдиган ҳар қандай ҳужжат давлат тилининг устувор қоидаларига тўлиқ мос келиши, ҳар бир ходим давлат тилида ёзма ва оғзаки тарзда ўз фикрини тўғри ифодалай олиш маҳоратини эгаллаши, она тилимизни ҳар қандай тажовуздан, қонун бузилишидан ҳимоялаш прокуратура ходимларининг кундалик ишининг бир қисмига айланиши шартлиги уқтирилди.

Тадбирда сўз олганлар давлат тилининг ўрни ва аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди. Байрам муносабати билан барчани табриклаб, тегишли тавсия ва таклифлари билан ўртоқлашди.

Байрам муносабати билан прокуратура ходимлари ўртасида таҳлилий иш, саводхонлик ва шеърият йўналишларида ўтказилган танлов ғолиб ва совриндорлари диплом ва сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Н.Абдураимова,

ЎзА