Прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов батафсил маълумот берди:
– Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, муҳтож оилалар, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Прокурорлар секторларидаги “Темир дафтар”га киритилган 7 мингдан зиёд оилага ҳар томонлама кўмак берилди. Уларнинг 3 минг 750 нафари ишга жойлаштирилиши, 154 та оилага янги уй - жойлар қуриб берилиши, 740 дан ортиғининг турар жойлари таъмирланиши таъминланди.
“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин - қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ишлар изчил давом эттирилди. Жумладан, 4 минг 176 нафар ёшларнинг иш билан таъминланишида, 2 минг 173 нафари тадбиркорликка жалб этилишида, 5 минг 815 нафари ўзини - ўзи банд қилишида, 5 минг 270 нафари касб - ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларида ўқитилишида кўмаклашилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш доирасидаги назорат тадбирлари давомида 489 нафар фуқарога кечиктирилган 3,8 миллиард сўм иш ҳақи ундириб берилди. 78 ҳолатда 11,2 миллиард сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар талон - торож қилингани аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал қилинди. Ҳисоботларда 862 минг 350 янги иш ўрни қўшиб ёзилгани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. 4,7 миллиард сўмлик зарар ихтиёрий ундирилди. Фуқаролар манфаатини кўзлаб судларга 31,2 миллиард сўмлик 2 минг 185 даъво аризаси киритилди.
Экологик муҳитни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишлар давомида 116 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 15 жиноят иши қўзғатилди ҳамда 30 минг 239 гектар ноқонуний эгалланган ерлар ўрмон фонди ҳисобига қайтарилди.
Янги ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 1 миллион 946 минг оилага ҳар томонлама кўмак берилиши, уларнинг 365 минг аъзолари ишга жойлаштирилиши натижасида 986 минг муҳтож оиланинг турмуш шароитлари яхшиланиб, камбағалликдан чиқарилишига эришилди.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида ижтимоий ёрдам маблағларини олиб келаётган 20 минг 129 оила реестрдан чиқарилиши таъминланиб, давлат бюджетидан 32 миллиард сўм маблағ тўланишининг олди олинди. Ижтимоий аҳволи оғир бўлган ҳолда реестрга киритилмаган 5 минг 274 оила реестрга киритилиб, давлат ижтимоий ҳимоясига олиниши таъминланди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга доир вазифалар ижроси ҳам доимий эътиборда. Хусусан, тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг 29 минг 451 нафарига “Тез ёрдам” тамойили асосида амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада фаолият кўрсатмаётган 8 минг 53 тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 10,4 мингдан ортиқ иш ўрни йўқотилишининг олди олинди. 7 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 21 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилишига эришилди. 22 минг 333 ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсқинликлар аниқланиб, бартараф этилди ҳамда 15 минг 907 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа дастурлар ижросини тўлақонли таъминлаш чоралари ҳам изчил давом эттирилди. Соҳада ўтказилган назорат тадбирлари давомида қурилиш - таъмирлаш ишларининг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, объектларни ўрганишда 1 минг 593 ҳолатда 63 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар бажарилгани ва 389 ҳолатда 83 миллиард сўмлик ишлар қўшиб ёзилгани аниқланди. Ушбу ҳолатлар тўлиқ бартараф этилиб, қонун талабларини бузмаслик хусусида 2 минг 47 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди, 2 минг 442 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.
Давлат дастурлари ижросини таъминлашда ажратилган бюджет маблағларини талон - торож қилиш ҳолатлари юзасидан қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, бюджетдан ажратилган 208 миллиард сўм маблағ талон - торож қилингани ва нотўғри сарфлангани юзасидан 386 жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, тезкор - қидирув ва терговни мувофиқлаштириш соҳасида кўрилган чоралар натижасида маҳаллаларнинг 2 минг 894 тасида ёки 30,6 фоизида жиноят қайд этилмади. 5 минг 212 таси ёки 55 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилди.
Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговда қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш чоралари доирасида суриштирув ва дастлабки тергов органларида 78 минг 543 нафар шахсга нисбатан 63 минг 454 жиноят иши ўрганилиб, судларга юборилди. Бевосита прокуратура органлари томонидан 14 минг 623 жиноят иши юзасидан тергов ўтказилиб, 13 минг 589 нафар шахсга нисбатан 8 минг 950 жиноят иши судларга юборилди. Жиноят оқибатида етказилган 3,1 триллион сўмлик зарар ундирилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА