Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: ёқилғи - энергетика соҳасида 46 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолат фош этилди
10:05 / 2023-12-05

Кунлар совиши билан энергия ресурслари билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади. Бу фақат ресурсларнинг камайгани билан эмас, балки соҳадаги ўғриликлар, ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари авж олиши билан ҳам боғлиқ.

Прокуратура органлари ёқилғи – энергетика соҳасида амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммоларни ўрганиб бормоқда.  

Хусусан, куз-қиш мавсумида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қисқа муддатда прокуратура органлари аралашуви натижасида 300 га яқин жиддий муаммо бартараф этилган.  

Жумладан, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик тармоқлари барпо этилди. Газ тақсимлаш, трансформатор пунктлари, сув насослари ҳамда қозонхоналар янгиланди. Кўп хонадонли уйлар ва уларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмирланди.  

Кўмир маҳсулотларини жойларга барқарор етказиб беришни таъминлаш, кўмирни талон-торож қилишнинг олдини олиш борасида ҳам прокуратура органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.    

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра,  прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 12 минг 583 объектнинг ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 2,5 триллион сўм маблағ тежалиши таъминланган.  

Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 157 мингта рейд тадбирлари давомида 46 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолат фош этилди. Бунинг натижасида 398 миллиард сўмлик зарар ундирилди.  

Масалан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булоқбоши тумани бўлими томонидан туман газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар У.Д. ва Н.К. “Б.” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги иссиқхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан улаган. 321,5 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 482,3 миллион сўм зарар етказилган.  

Департаментнинг Янги Наманган тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Э.А. ўзига тегишли савдо дўконида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланиб, жами 311,8 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.  

Департаментнинг Шўрчи тумани бўлими томонидан электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “Т.Т.” масъулияти чекланган жамияти масъул шахслари тош майдаловчи ускунанинг электр ҳисоблагич тамғасини бузиб, жами 122,3 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА