Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: ёқилғи – энергетика бўйича ўтказилган 157 минг рейдда 46 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолат фош этилди
16:25 / 2023-12-19

Қишнинг аёзли кунларида аҳолининг иссиқлик, электр энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёжи ортиши табиий ҳол. Шу боис бу ресурслардан оқилона ва муҳими, қонуний фойдаланиш даркор.

Прокуратура органлари томонидан ушбу долзарб йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, куз-қиш мавсумида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қисқа муддатда прокуратура органлари аралашуви натижасида 300 га яқин жиддий муаммо бартараф этилишига эришилди.  

Кўмир маҳсулотларини жойларга барқарор етказиб беришни таъминлаш, кўмирни талон-торож қилишнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аниқланаётган қонунбузарлик ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилмоқда.  

Масалан, “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг “Бахт” ва “Боёвут” кўмир омбори масъул шахслари ва бошқалар ушбу туманлардаги 114 нафар фуқаро номидан арзон нархларда кўмир олганлиги тўғрисидаги сохта ҳужжатларни расмийлаштирган. 309,9 тонна кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.  

Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё ва Гулистон тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда маълум бўлди.  

Бундай ҳолат “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг Олтиариқ кўмир омбори мудири М.И., Риштон туманидан кўмир омборига бириктирилган жамоатчи вакил С.Э. ва бошқалар томонидан ҳам содир этилган.  

Департаментнинг Риштон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлишича, улар ўзаро тил бириктириб, куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган умумий баҳоси 774,1 миллион сўмлик 2 минг 578 тонна кўмирни сохта ҳужжатларни расмийлаштириш йўли билан бошқа шахсларга бозор нархида сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.  

Департаментнинг Мирзачўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг “Дўстлик” кўмир омбори масъул шахслари ва бошқалар 351 тонна кўмирни аҳолига имтиёзли нархларда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштиргани аниқланган.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Ёқилғи – энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган қарийб 157 мингта рейд тадбири давомида 46 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 398 миллиард сўм зарар ундирилган.  

Пастдарғом туманида фаолият юритувчи “X.I.” фермер хўжалиги раҳбари Э.Т. “Хончарбоғ” маҳалласидаги насос станциясининг электр ҳисоблагичи схемасини бузиб, жами 2 миллион кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 1,8 миллиард сўм зарар етказган.  

Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишда аниқланган мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Табиий газдан фойдаланишда ҳам юқоридаги каби ўғрилик ҳолатлари кам эмас. Департамент ҳамда ДХХнинг Бекобод тумани бўлимлари томонидан ИИБ ва “Ўзэнергоинспекция” Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Қ. “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонининг ёрдамчи хўжалигида оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил этгани аниқланди. Тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан уланиш натижасида 394,2 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.  

Департаментнинг Зангиота тумани бўлими томонидан газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда якка тартибдаги тадбиркор К.К. ўз уйида фуқаро Қ.Л. билан ишлаб чиқариш цехи ташкил қилгани аниқланди. Умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида уланиб, 141,9 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.  

Департаментнинг Тошкент тумани бўлими томонидан Ички ишлар ва газ таъминоти бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро У.Ж “Б." маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уйида яширин цех ташкил қилиб, ўғрилик йўли билан табиий газ тармоғига уланиб олиб, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган чипс маҳсулотларини ишлаб чиқараётгани маълум бўлди.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Бу йўналишларда қонунийликни таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.  

Норгул Абдураимова, ЎзА