English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура ва ИИВ ҳануз сукут сақламоқда
15:30 / 2024-02-13

ЎзА танқидидан сўнг

Президент раислигида жорий йил 29 январ куни уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда транспорт соҳасидаги камчиликлар танқид қилиниб, масъулларга сўнгги огоҳлантириш ҳам берилди. 

Айни шу йиғилишда айтилган камчиликлар бўйича Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида 2 февраль куни “Йўловчилар Транспорт вазирлигидан ислоҳотлар кутишмоқда” сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинди

Унда Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги транспорт муаммоси ёритилди. Транспорт йўналишларига эгалик қилиш учун бўлаётган тендер савдоларидаги муаммолар ҳам фактлар билан очиб берилган. Мазкур танқидий мақолада кўтарилган масала бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Транспорт вазирлиги ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига тегишли бўлгани боис мазкур учта ташкилотдан ҳам муносабат билдиришини сўраб расмий хат жўнатилди. 

Транспорт вазирлиги ўз йўналиши бўйича муносабат билдирилган жавоб хатини жўнатди. 

“Журналист Муҳаммаджон Обидовнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида эълон қилинган “Учкўприк – Кенагас” йўналиши бўйича эълон қилинган журналистик суриштирувида кўтарилган масалалар юзасидан Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари М.Омаров ҳамда Транспорт назорат инспекцияси раҳбари Ж.Каримовлар иштирокидаги махсус ишчи гуруҳ томонидан вилоят транспорт бошқармасида ўрганиш ишлари ўтказилди. 

Ўрганиш ишлари давомида аниқланган камчиликлар юзасидан вазирлик марказий аппарати, инспекция ҳамда ҳудудий транспорт бошқарма ва назорат қилиш бўлими раҳбар ва ишчи ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланди”, – дейилади транспорт вазирлигининг расмий муносабатида. 

Шунингдек, вазирлик текширув хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилишини ҳам маълум қилган. 

Транспорт вазирлиги ўз вақтида муносабат билдирди. Аммо юқорида айтиб ўтилган танқидий-таҳлилий мақолада кўтарилган масалада Бош прокуратура ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ҳам тегишли томонлари бор эди. Бироқ бу икки ташкилот ҳануз сукут сақламоқда. 
Ҳеч бўлмаганда, бу масала бизга тегишли эмас, деган қисқа ва лўнда жавобни қайтариши лозим эди. 

Шерали Отабоев, ЎзА