English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: табиатга жиддий зиён келтирган еттита ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилди
17:14 / 2023-08-15

Инсон табиатнинг бир бўлаги бўлиши билан бирга уни асраб-авайлашга ҳам масъулдир. Аммо инсон табиатга энг кўп зиён етказувчи бўлиб қолаётир.

Табиатга ҳар хил усулда зарар етказиш эса иқлимнинг салбий томонга ўзгаришига сабаб бўлади.    

– Саноат тармоқлари ва қишлоқ хўжалигининг ривожланиб бориши, табиий майдонларнинг кенг миқёсда ўзлаштирилиши экологик мувозанат бузилишига олиб келмоқда, – дейди Бош прокуратура экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев. – Оқибатда ўсимликларнинг камайиб кетиш, генофондининг қисқаришига сабаб бўлмоқда.  

Мамлакатимиз ҳудудида ҳозирда 4,5 минг, улар орасида жиддий муҳофазага муҳтож 300 дан ортиқ камёб эндемик ва реликт турлар мавжуд.  

Умумий ҳолат нисбатан яхши бўлишига қарамай, кўплаб ёввойи турларнинг табиий захиралари кескин камайиб бормоқда. Масалан, дунёга донғи кетган доривор ўсимлик – тожик кавраги (Ferula tadshikorum Pimenov)га жиддий зиён етказилмоқда.  

Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган таснифга кўра, йўқолиб кетиш хавфи остида қолган тожик кавраги Жанубий Тожикистон, жануби-ғарбий Помир-Олой билан бир қаторда Ўзбекистоннинг жануби (Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари)да тарқалган.  

Кавракнинг елим-смоласидан тиббиётда томир тортиши, ўпка сили, ўлат, захм, кўкйўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларга қарши дори ҳамда қувват берувчи восита сифатида фойдаланилади.  

Табиий ҳолда ўсувчи бу турнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш мақсадида у Қизил китобга киритилган. 2023 йил 16 февралдаги Президент фармони билан кавракни йиғиб олишга уч йил муддатга мораторий эълон қилинган. Бироқ, шунга  қарамасдан айрим фуқаролар томонидан бу талаблар қўпол равишда бузилмоқда.  

Жумладан, Қашқадарё вилоятида тўрт ҳолатда 2,4 миллиард сўмлик, Сурхондарё вилоятида уч ҳолатда 326,7 миллион сўмлик тожик кавраги кесилиб, табиатга жуда кўп миқдорда зарар етказилган ҳолатлари юзасидан еттита жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Масалан, Деҳқонобод тумани “Себатли” мавзесида фаолият юритиб келаётган “Исо Муҳаммад Нур” масъулияти чекланган жамиятига бириктирилган тоғ ва тоғолди яйловларда табиий ҳолда ўсувчи кавракнинг 753 донаси гўёки ширасини олиб экспорт қилиш мақсадида кесилиб, табиатга жуда кўп миқдорда зарар етказилган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва  Бош прокуратура ҳамкорлигида мораторий талаблари бажарилиши бўйича ҳудудларни ўрганиш тадбирлари давом этмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА