Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: собиқ судьяларга жиноят ишлари қўзғатилди
10:26 / 2026-01-14

Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми, 236-моддаси 2-қисми билан ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғуноваларга нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш ҳужжатларига кўра, А.Шукуров жуда кўп миқдорда ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш, безорилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини содир этганлиги юзасидан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи А.Шукуров ҳукмдан норози бўлиб, судга қилган апелляция шикояти апелляция инстанциясининг судьялари О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Турғуновалар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириш, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш тўғрисидаги хулосага келган.

Бироқ Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари М.Мирзажонов мансаб мавқеидан фойдаланиб, ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўрилишига тўсқинлик қилиб, суд ишларига аралашиб, судьяларга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиши оқибатида, судьялар О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Турғуновалар унинг топшириғи ноқонуний эканлигини олдиндан била туриб, одил судловни амалга ошириш ва қарор қабул қилишда мустақил бўлсаларда, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига амал қилмасдан, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилган ҳолда, жазони узил-кесил 3 йил 3 ой муддатга озодликни чеклашга алмаштириб, уни суд залидан қамоқдан озод этиб, оғир оқибатларга сабаб бўлган ноқонуний ва адолатсиз ажрим чиқарган.

Юқоридагиларга кўра, жиноят иши доирасида шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари М.Мирзажонов ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари  О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Турғуновалар айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.  

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар прокуратурасининг протести асосида А.Шукуровга оид иш шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кўрилиб, тегишли ажрим билан протест қаноатлантирилган ва биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, апелляция инстанциясининг ажрими бекор қилиниб, А.Шукуровга 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва суд залидан қамоққа олиниб, унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.

Н.Абдураимова, ЎзА