Бош прокуратура томонидан тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чоралари кўрилаётир.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан қарор ижроси бўйича Жиззах вилоятида ўрганиш ўказилмоқда.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Ғаллаорол туманида “маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика”га масъул бўлган мутасаддилар билан “йўл харитаси”да белгиланган тадбирларни ўз муддатида сифатли таъминлаш масаласи бўйича мулоқот ўтказилди.
Унда маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар ва ишсизлар жиноятчилигининг олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, индивидуал профилактик тадбирларни кўпроқ ўтказиш, ёшлар ва ҳисобда турган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларнинг мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларини қисқа фурсатларда қонуний ҳал этилиши юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи, аҳоли бандлигининг муҳим омили бўлган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳа вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам прокуратура органлари томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Фарғона вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ижроси жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганишларда асосий эътибор лойиҳа ташаббускорларининг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этишга қаратилди.

Хусусан, Фарғона шаҳрида “Фарғона азот” акциядорлик жамияти томонидан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳамда "AMASTA" масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишилди.
"AMASTA" корхонасига масъул идоралар томонидан заргарлик маҳсулотларини божхона орқали расмийлаштиришдаги миллий қонунчилик талаблари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиб, мавжуд муаммолар қисқа фурсатда бартараф этилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, "AMASTA" корхонаси томонидан лойиҳани амалга ошириш натижасида тўғридан-тўғри 5 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган ҳолда йиллик қуввати 2 минг кг олтин, кумуш, мис каби заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, доимий 300 та янги иш ўрни яратилади.
Бош прокурор ўринбосарлари Дилмурод Қосимов, Исроил Адҳамов тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф қилиш мақсадида Андижон шаҳрида тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказди.
Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишга 33 та республика даражасидаги вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбар ва ўринбосарлари ҳамда уларнинг вилоят бошқармалари раҳбарларининг иштироки таъминланди.
Учрашувда 250 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, уларнинг 166 нафари фаолиятида юзага келаётган муаммоли масалалар бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Учрашув давомида 36 нафар тадбиркорнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, солиқ, кредит ва рухсатнома бериш ҳақидаги мурожаатлари жойида ҳал этилди.
Шу билан бирга, 50 дан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатларини шахсан прокуратура органлари томонидан кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилиб, тадбиркорларнинг мурожаатлари олинди.
Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов эса йирик корхоналарда ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш, шу жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари”да энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, электр энергиясини қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришдаги жараённи рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Унда Бош прокуратура, Энергетика ва Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Энергия самарадорлиги агентлиги, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонасининг масъуллари қатнашди.
Рақамли назорат тизимлари ёрдамида энергия тақсимоти ва истеъмолини самарали бошқариш, йўқотишларни камайтириш, ходимларнинг шахсий масъулиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш, шунингдек йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, масъуллар огоҳлантирилди ҳамда тегишли кўрсатмалар берилди.
Бош прокуратура раҳбариятининг юқоридаги каби чора-тадбирларни кучайтиришга қаратилган ишлари давом эттирилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА