Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: қурилишга оид қўпол қонунбузилиш юзасидан 397 жиноят иши қўзғатилди
12:32 / 2023-10-06

Прокуратура органлари томонидан қурилиш соҳасидаги давлат дастурлари ижроси юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 2 минг 32, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги 685 ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 9 минг 977, “Ташаббусли бюджет” дастурларидаги 4 минг 777 объектда қурилиш ишлари мониторингга олинган.

Хўш, мониторинг натижалари қандай? Бу саволга Бош прокуратура бошқарма прокурори Шамшод Хўжақулов жавоб берди:

– Қурилаётган объектлар бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши устидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штабининг йиғилишларида дастур ижроси аҳволи масъуллар иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда.

Барча лойиҳа институтлари, экспертиза идоралари, буюртмачилар ва уларнинг лойиҳа ишлаб чиқишга масъул ходимлари лойиҳа қиймати сунъий ошишига йўл қўймаслик, шаҳарсозлик нормаларига риоя этиш ва маҳаллий маҳсулотлардан кенг фойдаланиш зарурлиги бўйича огоҳлантирилди.

Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 7 минг 369 объектда қурилиш ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, 3 минг 675 ички йўллар, 1 минг 876 та ичимлик ва оқова сув таъминоти, 675 электр тармоғи, 70 та газ таъминоти, 224 ижтимоий соҳа ва бошқа турдаги 849 объектда қурилиш ишлари якунланди.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 544 объектда ишлар якунланиб, янгидан бошланадиган 830 объект бўйича пудрат шартномалари тузилиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Дастурдаги лойиҳалар учун ажратилган маблағнинг 9,5 триллион сўмдан ортиғи ёки қарийб 60 фоизи молиялаштирилиб, пудрат ташкилотлари томонидан 9 триллион сўмлик ишлар бажарилди.

Дастур ижроси бўйича мутасаддилар фаолиятини самарали мувофиқлаштириб бориш мақсадида Бош прокуратура ишчи 
гуруҳи томонидан Республиканинг барча ҳудудларида ўрганишлар давом этмоқда.

Таҳлиллар давомида аниқланган тизимли муаммоларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрланиб, Ҳукуматга тўртта норматив – ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси киритилди.

Юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросида камчиликка йўл қўйган, ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 497 нафар масъул шахс интизомий, 1 минг 636 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 минг 211 нафар шахс расман огоҳлантирилди.

Шунингдек, объектларда ўтказилган мониторинг тадбирларида 2 минг 842 ҳолатда сифатсиз бажарилган 55 миллиард сўмлик ҳамда 1 минг 261 ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 27 миллиард сўмлик ишлар бартараф этилди.

Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 397 жиноят иши қўзғатилди, 5,5 мингга яқин фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Айтиб ўтиш керакки, 2024 йил учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг дастлабки манзилли рўйхати халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг тавсиялари асосида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан шакллантирилиб, республика ва ҳудудий штаблар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.

Манзилли дастурга асосан умумий қиймати 18 триллион сўмдан ортиқ 1 минг 194 объект таклифи маъқулланди.

Давлат дастурлари ижроси юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА