Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: Қорақалпоғистонда ижтимоий инфратузилма объектларига 3 миллиард 147 миллион сўм зарар етказилган
16:05 / 2022-07-18

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат даврида қонунийликни таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берди.

Қорақалпоғистон Республикасида рўй берган оммавий тартибсизликлар юзасидан Бош прокуратура тергов-тезкор гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Аввал хабар берганимиздек, тергов-тезкор гуруҳи зиммасига юз берган ҳодисаларнинг барча ҳолатларини аниқлаш, тергов ҳаракатларини холисона ҳамда қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш вазифаси юклатилган. 

Таъкидлаш лозим, тезкор-тергов гуруҳи ўз вазифаларини бажаришга дарҳол киришган ҳамда унинг фаолиятига бирон-бир ташқи таъсирлар ўтказилишига йўл қўйилмаслиги таъминланган. 

Жорий йил 16 июль ҳолатига кўра, тергов-тезкор гуруҳи томонидан ўтказилган тергов ҳаракатлари доирасида ҳодиса юз берган ҳудудлар ва жойлар эксперт ва мутахассислар иштирокида тўлиқ кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштириб олинди. 

Аввал хабар берганимиздек, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган 274 нафар фуқарога тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан 16 нафар фуқаро тиббий муассасаларда қолмоқда, афсуски, яна 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан вафот этди. 

Етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдорини аниқлашга қаратилган чоралар кўрилиб, ҳозирга қадар фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 миллиард 147 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланди. 

Оммавий тартибсизликлар оқибатида жабрланган шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда. 

Жумладан, ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида тан жароҳати олган 141 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда соғлиғи ва мулкига зарар етказилган 16 нафар фуқаролар жабрланувчи, деб эътироф этилди. 

Жиноят содир этган шахсларни фош этишга қаратилган тадбирлар доирасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, белгиланган тартибда ушланган фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи адвокат орқали амалга ошириши тўлиқ таъминланган. Уларнинг ушланганлиги ва қамоққа олинганлиги ҳамда сақланаётган жойи ҳақида яқин қариндошларига белгиланган тартибда хабар берилган. 

Сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар тўла таъминланган. Ушланганларнинг соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас. 

Маълум қиламизки, тергов-тезкор ҳаракатлари жиноят-процессуал қонунчилик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллари ва талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда олиб борилмоқда. Терговга жалб қилинаётган шахсларнинг қонунда белгиланган барча процессуал ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш чоралари кўрилган. 

Шу билан бирга, терговнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида оммавий тартибсизликлар давомида ҳуқуқ-тартибот органлари – хавфсизлик кучлари ҳаракатларининг қонунийлиги ҳам тергов йўли билан текширилмоқда. 

Терговнинг шаффофлигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситаларида терговнинг бориши ва натижалари ҳақида маълумотлар тақдим этилиши йўлга қўйилган. 

Афсуски, баъзи хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок этган айрим фуқаролар бедарак йўқолганлиги ҳақида мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган “фейк” хабарлар тарқатилмоқда. Ваҳоланки, тармоқларда тарқатилган рўйхатда кўрсатилган бир қисм фуқаролар ўз яшаш уйида экани, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетгани, айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар экани аниқланди. Шундай бўлса-да бу ҳолат ҳам Бош прокуратура тезкор-тергов гуруҳи томонидан назоратга олинди ва ҳозирги вақтда яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилмоқда. 


ЎзА