Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: лойиҳа ҳужжатларига асоссиз киритилган қарийб 2,4 триллион сўм маблағ мақбуллаштирилди
15:14 / 2024-07-09

Бош прокуратура масъул ходими Мансур Рўзимов қурилиш соҳасида қонунчилик ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди:

—Жорий йилнинг ўтган даврида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 2 минг 51, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги 946 ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурларидаги 4 минг 425, “Ташаббусли бюджет” дастурларидаги 4 минг 169 объектда қурилиш - таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши ва ажратилган маблағнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ҳар бир объект мониторингга олиниб, тизимли назорат ўрнатилди.  

Шу билан бирга, Президентимизнинг 2024 йил 8 февралдаги тегишли қарорига асосан янги ташкил этилиши белгиланган “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” давлат муассасаси фаолиятини тезкорлик билан йўлга қўйиш ва вазифалар  ижросини таъминлашга кўмаклашилди.  

Юклатилган вазифалар ижросини “республика – вилоят – туман” даражасида кунлик муҳокама қилиш ва масъуллар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиб бориш йўлга қўйилди.  

Қарор билан жорий этилган янги тартибга мувофиқ, компания томонидан марказлашган тартибда харид қилинадиган 400 дан ортиқ асосий қурилиш материаллари, жиҳозлар ва конструкциялар ва 13 мингдан ортиқ ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхати шакллантирилди ва Ҳукумат штабига тақдим этилди.  

Дастурга киритилган 747 та объектнинг лойиҳа - смета ҳужжатлари замонавий ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, эксплуатация харажатларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда намунавий лойиҳалар асосида янгидан ишлаб  чиқилди.  

Таълим соҳаси объектлари қурилиши белгиланган ҳудудларда жойлашган 144 та яроқсиз бино - иншоотлар тўлиқ буздирилди.  

Қурилишга тўсқинлик қилувчи 569 та дарахтни кўчириш масаласи  ҳал этилди. Дастурлар ижроси бўйича мутасаддилар фаолиятини самарали мувофиқлаштириб бориш мақсадида Бош прокуратура ишчи гуруҳи томонидан республиканинг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борилди.  

Ўрганишлар натижасида лойиҳа ҳужжатларига асоссиз киритилган салкам 2,4 триллион сўм маблағ мақбуллаштирилди. Иқтисод қилинган маблағлар аҳолининг долзарб  муаммоларини ҳал қилиш ва қўшимча ишлар бажаришга йўналтирилди.  

Шунингдек, объектларда ўтказилган мониторинг тадбирларида 338 ҳолатда сифатсиз бажарилган 25,5  миллиард сўмлик ҳамда 138  ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 44,4 миллиард сўмлик ишлар  бартараф этилди.  

Умуман, соҳада ўтказилган назорат тадбирлари давомида ноқонуний ҳужжатларни бекор қилиш бўйича 79 та протест келтирилди, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича тегишли идораларга 360 тақдимнома киритилди. 1 минг 104  нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1 минг 799  нафари расман огоҳлантирилди. 

Аниқланган қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 179 жиноят иши қўзғатилиб, 90,1 миллиард сўмлик зарар ундирилиши таъминланди ҳамда 9 минг 823 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.  

Таҳлиллар давомида аниқланган тизимли муаммолар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрланиб, Ҳукуматга 5 та норматив - ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари киритилди.  

Н.Абдураимова,  

ЎзА