Йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун тартиб-қоидага қатъий риоя этилиши зарур. Айниқса, йўл ҳаракатининг асосий иштирокчилари бўлган ҳайдовчилар малакаси муҳим аҳамиятга эга.
Агар ҳайдовчи ноқонуний гувоҳнома олса, бунинг оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас. Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, автоҳалокатларда шундай ҳайдовчилар “ҳиссаси” кам эмас.
Лекин ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш ҳолатлари учраб турибди. Бош прокуратурадан хабар беришларича, шундай ҳолатга йўл қўйган давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов жараёнида, 8 вилоятда (Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё) 1,2 минг нафардан ортиқ фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани аниқланди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сохта гувоҳномаларни олган фуқароларнинг 455 нафари 1 минг 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган, 9 нафари йўл транспорт ҳодисаси содир этгани оқибатида 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 3 нафари вафот этган.
Жиноят ишининг кенг ҳажмли ва мураккаблигидан келиб чиқиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилди.
Ҳозирда сохта гувоҳномалар ва уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда, тергов ҳаракатлари режалаштирилган тартибда давом этмоқда.
Бош прокуратура ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш лозимлигини эслатди. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА