Прокуратура органлари энергоресурслардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини мунтазам амалга оширмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган “Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида янгича тизим жорий этилиб, прокуратуранинг масъулияти янада оширилди.
Чунки, қарор билан республиканинг ҳар бир тумани (шаҳри) кесимида энергия балансини ишлаб чиқиш, уларнинг кўрсаткичларини бажариш, энергияни тежаш дастурлари ижросини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари тузилмоқда.
Қарор билан тасдиқланган туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳининг намунавий таркибига кўра, туман (шаҳар) прокурори туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари қилиб белгиланди.
Қарорга асосан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабига юклатиладиган қўшимча вазифалар, ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штабларнинг устувор вазифалари, туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳларининг устувор вазифалари, ҳудудий штаблар ҳамда туман (шаҳар) идоралараро ишчи гуруҳлари фаолиятининг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Қарорга кўра, ҳар бир туман (шаҳар)да энергия ресурсларини тежаш ва тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш бўйича режа кўрсаткичлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида Бош прокуратуранинг 208 нафар ходими туман (шаҳар)ларга бириктирилди.
Бош прокуратура ва Энергетика вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзэнергоинспекция, Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда ушбу соҳада назорат ва мониторингни амалга ошириш имконини берувчи мавжуд электрон платформаларни мазкур қарор билан белгиланаётган янги талаблардан келиб чиқиб такомиллаштиради.
Вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларининг раҳбарлари энергия тежамкорлик кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни доимий равишда ушбу платформаларда акс эттириб бориш, маълумотларнинг ҳаққонийлигига масъул ва шахсий жавобгар этиб белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА