Бош прокуратура: Дори-дармонларни қиммат нархда сотаётган шахслар фаолиятига чек қўйиш давом этади
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ноқонуний муомалада бўлган 737 миллион сўмликдан зиёд дори воситаларини фош этган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ноқонуний муомалада бўлган 737 миллион сўмликдан зиёд дори воситаларини фош этган.
Дори-дармонларга бўлган талаб ошган ҳозирги кунда дори бизнеси билан шуғулланувчилар вазиятдан фойдаланиб қолишга уринаётгани кечирилмайдиган ишдир.
Эл бошига иш тушганда одамларга кўмакчи бўлиш ўрнига, уларни баттар мушкул аҳволга солиш инсофсизликдан бошқа нарса эмас. Коронавирусга қарши ишлатилиши мумкин бўлган дори воситалари қимматлашиб кетгани аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлгани учун дори-дармонлар нархи бўйича назорат кучайтирилди.
Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тизимида тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида Ш. исмли фуқаро хорижда ишлаб чиқарилган «Арбидол» дори воситасининг ҳар бир қуттисини 450 минг сўмдан ҳисоблаб, 40 қутисини мижозга 18 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Шу куннинг ўзида олиб борилган терговга қадар текширувда аниқланишича, у мазкур дори воситасини «Телеграмм»да очилган “Onp_uzb” канали орқали 320 минг сўмдан сотиб олган.
Суриштирув давомида канал эгалари ҳам аниқланган. Тезкор тадбир давомида улар мижозга яна 110 қути «Арбидол»ни 35,2 миллион сўмга сотган вақтда ашёвий далил билан ушланган.
Шайхонтоҳур туманида эса А.Б, Ш.К. ва Ж.А. олдиндан тил бириктириб, 100 қути «Арбидол» дори воситасини 4 минг АҚШ доллари ва 5 миллион сўмга фуқаро В.Қ.га қонунга хилоф равишда сотган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда фуқаролар Н.Р. ва М.А. «Арбидол» дори воситасининг 200 қутисини 2 минг АҚШ доллари ва 44,7 миллион сўмга фуқаро М.У.га қонунга хилоф равишда сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Яна бир тезкор тадбирда эса фуқаро М.Р. ва О.Ю. ҳамда бошқалар ўзаро олдиндан тил бириктириб, 100 қути «Эргоферон» дори воситасини 13 миллион сўмга фуқаро Ш.К.га қонунга хилоф равишда сотган вақтда қилмишлари фош этилган.
Фарғона вилоятида фуқаро Б.Х. 250 дона «Трамадол ланнахер 50 мг» дори воситасини фуқаро А.Х.га 2,5 миллион сўмга сотган вақтда ушланган. Андижонда эса фуқаро Н.У. 15 дона «Тропикамид стерилно» ва 42 дона “Lyrica Kapsul Pregabalin 300mg” номли дори воситаларини 2,5 миллион сўмга фуқаро Ш.Қ.га сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳам жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг олти ойи давомида Департамент органлари томонидан сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш билан боғлиқ 21 ҳолат аниқланган. Ноқонуний муомалада бўлган 737 миллион сўмликдан зиёд дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Юқоридаги ҳолатлар дори-дармон билан савдо қилувчи шахсларга сабоқ бўлса ажаб эмас. Яна бир гап: одамлар ғам-ташвишидан фойда қилишга уриниш тубанлик эканини англаб етсангиз яхши бўларди.