Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, зарарли моддалар чиқарилишига йўл қўймаслик ва аҳоли саломатлигини асраш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Прокуратура, ички ишлар ва экология органлари томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда тунги назорат ва рейдлар мунтазам ўтказилмоқда.

Шундай тадбирлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида олиб борилди. Тошкент вилояти Ниёзбоши қишлоғида айрим хусусий корхоналарда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндилар, жумладан, полиэтилен моддалар ёқилгани аниқланди. Бу атроф-муҳитга зарарли моддалар тарқалиши ва маҳаллий аҳоли саломатлигига хавф туғилишига сабаб бўлган.
Ишчи гуруҳ томонидан корхоналар фаолияти дарҳол тўхтатилди. Ҳозирда табиатга етказилган зарар ҳисобланмоқда ва текшириш натижалари асосида қонунчиликка мувофиқ чоралар қўлланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурор ўринбосари С.Самадов бошчилигида Учтепа туманидаги кўп қаватли турар жойлар қуриш объектларида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида қурилиш ишларини амалга оширишда белгиланган талабларга, шу жумладан, қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналар ўрнатиш, умумий майдоннинг 25 фоизини кўкаламзорлаштириш, қурилиш майдонларида сув пуркагичлар ўрнатиш, қурилиш майдонларининг кириш ва чиқиш йўлакларида автотранспорт воситалари ғилдиракларини ювиш ҳовузларини барпо этиш, қурилиш майдонининг чиқиш йўлларида чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилишининг олдини олишга доир комплекс чора-тадбирлар кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу йўналишдаги назорат ва ўрганиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА