English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бош прокуратура: атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича режавий текшириш тадбирлари ўтказилмоқда
17:05 / 2024-10-24

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасининг ортиб бораётгани ва “салбий” рейтингларда етакчи ўринларга чиқаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар барчани ташвишлантирмоқда.

Пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар каби табиий омиллар билан бир қаторда иқлим ўзгариши, саноат ва автотранспорт воситаларидан ташламалар чиқариш ҳажмларининг ошиб бориши, мораторий даврида ҳам қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишларининг жадал амалга оширилиши бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Бош прокуратура ахборот хизмати хабарига кўра, прокуратура органлари ушбу ҳолатларни инобатга олиб, зарур чораларни кўрмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни, Президентнинг тегишли фармонлари ва топшириқлари ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга, атмосферага чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдорини камайтириш ва атмосфера ҳавосининг ҳолатини яхшилашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб республика бўйича режавий текшириш тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Таҳлилларда I ва II тоифага кирувчи, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналарида 2024 йилда белгиланган замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ишлари пайсалга солинаётгани, шу жумладан, Тошкент вилоятда 27 корхонадан 19 тасида, Тошкент шаҳрида эса 31 корхонадан 8 тасидагина бу ишлар амалга оширилгани маълум бўлди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги текширишлар Экология, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда бевосита Бош прокуратура томонидан жорий йилнинг 22 октябрь кунидан бошлаб текширишлар амалга оширила бошланди.

Бош прокуратура томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари алоҳида назоратга олиниши ҳамда улар бўйича кескин ва муросасиз чоралар кўриб борилиши қатъий таъминланади.

Н.Абдураимова, ЎзА